Жиззахда газ таъминотида рақамлаштириш: энергия самарадорлиги ва аҳоли учун қулайлик марказда

Жиззах вилоятида газ таъминоти соҳасида рақамлаштириш ва автоматлаштириш жараёнлари изчиллик билан амалга оширилмоқда. Вилоят газ таъминоти филиали томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар ва мустақил журналистлар иштирокида ташкил этилган пресс-тур ана шу ислоҳотларни жамоатчиликка кенг ёритиш мақсадида ўтказилди.
Тадбирда иштирокчилар "Ҳамид Олимжон" маҳалласида автоматлаштирилган маҳалла истеъмол назорат-ҳисоб баланси тизими жорий этилаётган жараёнлар билан яқиндан танишишди. Бу тизим орқали газ таъминотини назорат қилиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш мумкин бўлади. Мазкур лойиҳа Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларидаги намунавий маҳаллаларда синов тариқасида амалга оширилмоқда.
Автоматлаштириш самаралари нимада намоён бўлмоқда?
Автоматлаштирилган назорат тизими орқали:
-
Йиллик 91,1 минг куб метр табиий газ тежалди.
-
Эски газ жиҳозлари янгисига алмаштирилиб, 197 та хонадонда энерготежамкор ёндиргичлар ўрнатилди.
-
2,8 км газ қувури тартибга келтирилди.
-
6 та фильтр, 6 та замонавий газ арматураси ўрнатилди.
-
0,7 км ер ости қувури ер устига чиқарилди.
Бундан ташқари, маҳалла газчилари учун замонавий планшетлар тақдим этилди. Бу ускуналар орқали онлайн мониторинг, ҳисоб-китоб ва техник ҳолатларни тезкор аниқлаш имкони яратилган.
Суюлтирилган газ таъминотида ҳам ўсиш кузатилмоқда
Вилоят бўйича 132 398 та хонадон суюлтирилган газдан фойдаланмоқда. 2024/2025 йилги куз-қиш мавсумида 104% режа бажарилиб, 10 911 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Шунингдек:
-
2025 йил 1-чорагида 5 630 тоннадан ортиқ газ тарқатилди;
-
Қўшимча 9 948 дона газ баллонлари 2024 йилда етказиб берилган бўлса, 2025 йилда яна 8 800 дона баллон етказиш режалаштирилган, шундан 3 000 донаси аллақачон тарқатилган.
Бахмал туманидаги ҳолат
Бахмал туманидаги 30 та маҳаллани ўз ичига олган ҳудудда 22 311 та хонадон суюлтирилган газ билан таъминланган. 2025 йилнинг биринчи чорагида бу ерда 906,74 тонна газ тарқатилган.
“Ўсмат ГАЗ” хусусий компанияси билан ҳамкорликда хусусий газ тўлдириш шаҳобчаси фаолият юритиб, ҳар ойда ўртача 100 тонна суюлтирилган газ тарқатилиши таъминланмоқда.
Хулоса ўрнида
Газ таъминотида рақамлаштириш фақатгина тизим ходимлари учун эмас, балки ҳар бир фойдаланувчи учун ҳам қулайлик яратаётгани аниқ. Назорат тизимларининг автоматлаштирилиши орқали ресурслар тежалиши, таъминотнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги таъминланмоқда. Бу эса соҳадаги янги босқич — рақамли ислоҳотлар даврига ўтишни англатади.

