Зоминда “Маҳалла бюджети” тизимига оид ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда
"Маҳалла бюджети" тизимининг жорий этилиши маҳалланинг ўзидаёқ кўплаб муаммоларни ҳал қилишга имкон бермоқда. Бунда ободонлаштириш,моддий ёрдам, аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлаш масаларига маблағлар энди маҳалла ихтиёрига ўтади.
Кўпчилик яхши билади ҳар қандай давлатнинг иқтисодий қудрати унинг бюджети ҳисобланади. Бюджетнинг асосий қисмини эса солиқлар ташкил этади.
Жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда “Маҳалла бюджети” тизими ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилди.
“Маҳалла бюджети” тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжатга мувофиқ ҳар битта ҳудуддан 1 тадан туман(шаҳар) танлаб олинган эди. Шу жумлада, ушбу ҳужжатга мувофиқ вилоятимизнинг Зомин туманида ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.
Айни пайтда Зомин туман солиқ инспекцияси томонидан мазкур тизим доирасида маҳаллаларда жисмоний шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиқларини ундириш, аҳолининг солиқ тўлаш саводхонлигини ошириш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Зомин туманидаги “Ширин” ҚФЙ ҳудудида 9 та қишлоқ мавжуд. Ҳудудда 10 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Жорий йилда ундирилган солиқ йиғимлари туфайли ҳамда республика бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан Мўғол қишлоғида асфалт қилинмаган кўча қолмади ҳисоб.
Айни пайтга қадар Ширин ҚФЙда маҳалла биноси мавжуд бўлмаган. Қарийб 800 млн сўм эвазига ҚФЙда фаолият юритаётган бешлик раис, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва профилактика инспектори фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш учун янги бино қурилиб, яқин кунларда фойдаланишга топширилади. Ҳозир бинони жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда.
Маҳаллаларда мол-мулк ва ер солиғи (нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача туман бюджетлари орқали тегишли Жамғармаларга йўналтирилади.
Айни пайтда Зомин туманидаги мавжуд 39 та МФЙларида истиқомат қилувчи 28 мингдан ортиқ жисмоний шахсларнинг 44 млрд 300 млн сўм мол-мулк ва ер солиғи бўйича ҳисобланган қарздорликлари мавжуд. Ҳозирда тўланган маблағлар ва солиқ қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлар МФЙ масъулларига реал вақт режимида кўриб туриш ва ундан фойдаланиш имконияти яратилган.
Жисмоний шахслардан олинадиган солиқлар бугунги кунда ўзимиз яшаётган ҳудуднинг инфратузилмасини яхшилаш, муҳтож инсонларга моддий ёрдам кўрсатиш, йўлларимизнинг равон бўлиши, ичимлик суви ва электр таъминотини яхшилашга асос бўлади. Шундай экан ҳар биримиз солиқларни тўлашга онгли муносабатда бўлиб, қишлоқ ва шаҳарларимиз ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Ҳозирда Ўзбекистон республикаси иқтисолиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги солиқ қўмитаси томонидан “Солиқ” мобил иловаси ишлаб чиқилган. Иловадан рўйхатдан ўтиб, ўзингизнинг ва ота-онангизнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш имкониятига эгасиз.
Шундай экан солиқларни тўлаб, хотиржам бўлинг!
Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати