(#Jizzaxcity) Жиззах шаҳри электр энергия истеъмоли бўйича автоматлаштирилган тизимга ўтади
2019 йилнинг февраль-март ойларида "Ўзбекэнерго” ДАК ҳамда Мажбурий ижро бюроси томонидан Жиззах шаҳрида электр энергия истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади.
Бу тизим қатор афзалликлари билан ажралиб туради.
Биринчидан,автоматлаштирилган тизимда электр энергия истеъмолидаги йўқотишлар кескин камаяди.
Иккинчидан,тармоқлардан ноқонуний фойдаланганда бу ҳақдаги ахборот серверга дарҳол узатилади ва айнан қаерда эканлигини кўрсатиб беради.
Учинчидан,қарздор истеъмолчи автоматик равишда тармоқдан узилиши натижасида, ҳудуддаги дебитор қарздорлик олди олиниб, тўлов интизоми мустаҳкамланади.
Тўртинчидан, электр энергия етказиб бериш таъминоти ва истеъмоли соҳасидаги назоратда "инсон омили” фактори камаяди.
Жиззах шаҳрида электр энергия бўйича жами37624 таистеъмолчи мавжуд бўлиб, биринчи босқичда12000дона эски электр ҳисоблаш ускуналари замонавийсига алмаштирилади.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда Янгиобод тумани ҳамда Дўстлик туманидаги Манас ҚФЙ ушбу автоматлаштирилган тизимга ўтганлиги боис, ҳудудда дебитор қарздорликлар тугатилган.
Жиззах вилоятидаги барча туман ва шаҳарлар келгусида босқичма-босқич электр энергия истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига ўтказилади.
Янги турдаги электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга бепул бўлиб, "Ўзбекэнерго” ДАК маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Мажбурий ижро бюроси Жамоатчилик билан алоқалар
ва ҳуқуқий ахборот бўлими