Жиззах вилояти «Илғор ҳудуд»га айлантирилади

Жиззах вилояти «Илғор ҳудуд»га айлантирилади
Янгиликлар
22:24, 10 январь 2019
5 739
0
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 январь кунги «Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат матнини ЎзА келтириб ўтди.
Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 мартдан бошлаб Жиззах вилоятида «Илғор ҳудуд» синов лойиҳаси амалга оширилади.
Лойиҳада қуйидагилар назарда тутилади:
норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш;
ҳудудни жадал ривожлантириш учун илғор қарорларни аниқлаш, шунингдек, республика ва ҳудудий ижро ҳокимияти органларининг жавобгарлик соҳасини аниқлаштириш;
ҳудуднинг стратегик мақсадлари, шунингдек, ҳудудий давлат бошқаруви органлари учун мақсадли кўрсаткичларни шакллантириш механизмларини ишлаб чиқиш;
ҳудуд аҳолисининг яшаш шароитларини яхшилаш ва даромадларини ошириш;
таркибий ислоҳотлар ёрдамида инвестициявий муҳитни яхшилаш;
«Бир қишлоқ – битта маҳсулот» тамойили бўйича талаб юқори бўлган товарларни ишлаб чиқариш учун шарт-шароитларни жадаллик билан яратиш;
иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш ва саноатнинг янги тармоқларини ривожлантириш, Жиззах вилоятида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва хизматларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун шарт-шароитларни яратиш.
Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги синов лойиҳани тизимли ва самарали тайёрлаш ҳамда амалга ошириш учун масъул орган ҳисобланади.
Агентликнинг синов лойиҳани амалга ошириш доирасида қабул қилган қарори, бошқарув хусусиятидаги топшириқлардан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, хўжалик субъектлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, идоралар ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг Агентлик билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлайди ҳамда синов лойиҳани амалга ошириш бўйича Агентликка юкланган вазифаларни бажаришда ҳар томонлама кўмаклашади.
Агентликка Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш доирасида халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари ва бошқа хорижий ташкилотлар билан ўзаро тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш ваколати берилади.
Агентлик 2019 йил 1 мартга қадар: 
а) Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «ЎзИнжиниринг» Республика лойиҳа институти, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда хорижий маслаҳатчилар ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда Жиззах вилояти ҳудудини режалаштириш схемаси эскизини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритишни таъминлайди; 

б) Қурилиш вазирлиги, Жиззах вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Жиззах вилояти туманлари ва аҳоли пунктларининг бош режаларини режалаштириш схемалари, шунингдек, тегишли архитектура-режалаштириш тадбирлари мувофиқлигини назорат қилиш мақсадида ихтисослаштирилган Архитектура-режалаштириш эксперт кенгашини ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади; 

в) Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қуйидагиларни назарда тутувчи Жиззах вилоятини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади: 

давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш, чора-тадбирларни амалга ошириш ва маъмурий тўсиқларни бартараф этишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш; 

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш механизмини жорий этиш; 

таркибий ислоҳотлар, шу жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасидаги таркибий ислоҳотлар бўйича таклифлар бериш; 

инновацион лойиҳалар, шу жумладан, рақамли иқтисодиёт, ахборот-коммуникация технологиялари, истеъдодли болалар ва ёшлар имкониятларини, транзит йўлларидаги инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар бериш; 

урбанизация ва комплекс уй-жой қурилиши жараёнларини тартибга солиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш; 

туризм тармоғини, шу жумладан, Зомин туманида туризм кластерларини ташкил этиш орқали ривожлантириш имкониятини яратиш; 

сув, газ ва электр таъминоти, канализация тармоқлари, йўл инфратузилмаси, Интернет тармоқлари, ирригация ва мелиорация тизимлари соҳасида талаб қилинадиган ишларнинг устуворлиги бўйича инфратузилма ҳолатини баҳолаш ва янада ривожлантириш. 

Агентлик икки ҳафта муддатда «Илғор ҳудуд» синов лойиҳасини амалга ошириш бўйича эксперт-таҳлил кенгашини шакллантиради, шунингдек, унинг низомини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. 

Агентлик Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда синов лойиҳани амалга ошириш тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритади. 

Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Д.Р.Ли ва Жиззах вилояти ҳокими Э.А.Салиев зиммасига юкланади.
скачать dle 12.0
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?Илтимос
матнни белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг
Комментарии (0)
Биз
[rating-type-4]
[/rating-type-4]
Топ мақолалар
Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик бартараф этилмагани сабабли ушбу автомобиль онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди....
31.07.24
297
0
Алимент суд жараёнида тўлаб берилди Алимент суд жараёнида тўлаб берилди
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг  қарздор Р.К дан ундирувчи М.А фойдасига вояга етмаган фарзанди...
31.07.24
227
0
18+ Цена jizzaxcity.uz Яндекс.Метрика