Шундай хўрозлар бор: «биз қичқирмасак, тонг отмайди» деб ўйлайди
Оллоҳ хоҳламаса, минг қичқиринг, тонг отмайди. Ҳаётнинг бошланиши Оллоҳнинг измида бўлганидек, тугаши ҳам унга боғлиқдир. Оллоҳ бандасига ёмонликни истамайди. Ҳатто шайтонга ҳам бор ҳунарини кўрсатиши учун имкон беради, ваъдасига вафо қилади, токи шайтоннинг турган-битгани кибрдан иборат гаплари гаплигича қолиб кетмасин.
Қонимизга сингиб кетган «фалон иш мен сабабли амалга ошди», «мен бўлмасам, мана бу иш бўлмас эди», «бу ишнинг натижаси менга боғлиқ» каби ўз-ўзига баҳо беришлар, аслида, бизнинг шайтондан олган дарсларимиз натижасидир. Бизлар дўст қолиб, душманга шогирд тушдик. «Устоз»нинг мақомини шунчалар улуғладикки, натижада «устоз» бизларга бор ҳунарини ўргатди. Ҳатто «устоздан ўтган шогирд» мақомига етганлар ҳам бўлди. Ҳолбуки, шайтоннинг «хайрихоҳ»лиги биз чоҳга қулаган ондаёқ тугайди ва у бизни мағлуб қилиб, ўзи ғолиб ҳолда ортга қайтади. Шунда шўрлик инсон беихтиёр: «Худойим... » деб Яратганни эслаб қолади, ҳозиру нозир Зот – Оллоҳ ўша заҳоти бандасига ёрдамга келади.
Ҳолбуки, биз бир умр Оллоҳга итоатсизлик қилиб келдик, ҳаётни, ризқни, обрўни, барча неъматларни Оллоҳдан қабул қилиб, сўнгра Унга орқа ўгирдик. Лекин буюк Зот бизни ташлаб қўймайди, ҳар қандай ҳолатда дуо қилган бандасини эшитади. «Энди ҳаммаси тамом» деб тушкунликка тушган пайтингизда ҳали имкон борлигини эслатиш учун Оллоҳ қаршингизда ҳозир бўлади. Агар Оллоҳ истамаса, на тонг отишини, агар Оллоҳ хоҳламаса, на тун ботишини айтиш учун келади. Қанча чиранманг, агар Оллоҳ хоҳламаса, тонг отмайди..
Манба: Kun.uz