«Скорпион» шунча маблағни (ишончни) оқлайдими?

«Скорпион» шунча маблағни (ишончни) оқлайдими?
Маданият
23:13, 06 ноябрь 2018
2 560
0
Фото: «Afisha.uz»

Бир йилдан бери шов-шуви тинмаётган «Скорпион» фильми трейлери чиқибди. Кўп нарса ваъда қилувчи трейлер.
Уни бир кўрдиму, хаёлим ёввойи каптардек учди-кетди. Каптаримни қувиб бир кунжакларга кириб чиқдим-ки... Охири, ўша фикрларимни қоғозга туширай дедим.
Хуллас, кетдик.
Миш-мишлар
Ҳар қандай лойиҳа, агар у кенг оммалашишни истаса, ўзи ҳақида афсона ва ҳақиқатлар аралаш турли миш-мишлар тарқалишига эришиши керак. «Скорпион» ҳақидаги энг кўп миш-мишлар унинг бюджети атрофида бўляпти.
Фильм бюджетини, миш-мишларга кўра, Ҳолливуд ўлчамлари билан ўлчаш керак экан.
Битта Йилдиримнинг ўзига фалон минг доллар кетганмиш. Валерия саундтрек куйлабди, унга клип олинибди, биронта актёр ўз гардеробидан кийинмабди, ҳаммасига алоҳида костюм қилинибди, хорижий ўлкаларда суратга олиш, қиммат оператор, монтажчи мутахассислар ― ҳаммаси чет элданмиш. Гўёки аллақандай бадавлат сеҳргар фильм режиссёрига тила тилагингни дегану, бу қиз истаган инжиқлигини қилган :)
(Шунча пулга хўрозқанд шимадиган аҳволимиз борми дегич йўқ :))
Майли, мен лойиҳанинг тижорий эмас, маънавий-эстетик томонини гапирмоқчиман. Асли трейлерга қараб бир нима дейиш тўғри эмас-ку, лекин бу гаплар аввалроқдан тилимда айланаётганди.
Режиссёр
Режиссёри аёл бўлганининг ўзиёқ эътиборимни тортди. Бу қизни (Мухлиса Азизова) бир неча йилдан бери кузатаман ― халқаро эътирофлар олди. Интервьюларида ҳам гаплари дадил ва ақлли. Хуллас, кузатишга арзийди.
Аёл режиссёрларимиз кам, яна бундай қиммат, дадил лойиҳани шу қизча олаётганининг ўзи катта гап.
Аммо унча-бунча эркаклар эплолмаётган ишни қила олдимикан ― шедевр бўлмаса ҳам, бир кўриб, қайта кўргинг келадиган асар яратолдимикан? Фильм чиқса, кўрармиз.
Номи
«Скорпион» ― ғалати ном. Ўзбекча эмас. Лақабгамией, бир нохуш нарсанинг номига ўхшайди. Лекин ўзбекларда чаён номи тилга олинмайди, табу. «Оти йўқ»ми ё шунга ўхшаш бир эвфемизмлар қўллашади. Ўзбек тили учун «Скорпион» ҳам янги эвфезмизм бўлиб кирса ажаб эмас шу фильмдан сўнг. Аммо қайси табунинг ўрнига? Саволимга фильмда жиддий жавоб бор деган умиддаман.
Сценарийси
Ким ёзганидан хабарим йўқ. Лекин мен бугун ўзбек кинематографиясида яхши сценарий ёзарларни билмайман, яқин орада яхши сценарийнавис чиқади дейишга асос ҳам йўқ.
Мабодо, осмонданми, ерданми ё Ҳолливудданми бир зўр сценарийнавис чиқиб қолмаган бўлса, «Скорпион»дан фавқулодда бир нарса кутмаяпман. Яна ким билади дейсиз?
(Пессимистларнинг оптимистлардан бир устунлиги бор: уларнинг ҳаётида сюрпризлар кўп бўлади. Балки «Скорпион» ҳам мен учун сюрприз бўлар).
Тили
Трейлернинг ўзбекча ва русчасини кўрдим. Русчаси кўпроқ «ёпишган», ўзбекчаси саал ёпишмайроқ турибди. Хулоса қилиш мумкинки, сценарий рус тилида ёзилган, кейин ўзбекчага ўгирилган (филолог сифатида оригинал матнни таржимадан ажрата оламан. Ҳатто оригинални кўрмаган бўлсам ҳам). Аммо бу тахмин, холос.
Умуман олганда, диалоглар бизнинг фильмларда яхши ишланмайди. Фильмни фильм қиладигани, унга шира берадигани диалог бўлади.
Буни ҳаммамиз учун севимли «Ишдаги ишқ» фильми мисолида кўриш мумкин. Эльдар Рязанов хирагина саҳна асарини олиб, диалоглар, «қанотли иборалар» орқали шедевр фильмга айлантирган.
Бизнинг кинолардан қанотли иборалар охирги марта «Маҳаллада дув-дув гап», «Абдуллажон»лардан учиб чиққан эди. Шу бўйи ундай иборалар фильмларимизни қайтмас бўлиб тарк этган.
Мабодо «Скорпион» шундай ибораларга уя бўла олса, шляпамни ечаман.
Лекин бу борада ҳам инқилоб кутмаяпман. Бу яна ўша тилимизнинг мавқеи ва киномизнинг умумий даражасидан келиб чиқиб қилинаётган тахминлар. Аниғини премьерадан сўнг биламиз.
Актёрлар
Трейлерда хорижлик қимматбаҳо актёрлардан ташқари Карим Мирҳодиев, Фарҳод Маҳмудов, Шаҳзода Матчонова, Акбархўжа Расулов каби миллий юлдузларам порлаяпти. Бундай салмоқли актёрлар ансамблидан кўп нарса кутяпман, очиғи. Мабодо, кутганларим оқланмаса, жиддий танқид қиламан :)
Тасвир ва монтаж
Трейлерга қарасак, жуда ёрқин, супер тасвирлар. Монтажда турли эффектлар кўзни қамаштиряпти (пулинг бўлса халтада, кино оласан Ялтада, ҳатто унданам нарида :))
Ғояси
Билмайман. Аммо яна ўша муаммо ― сценарий ва тил ўсмаётган муҳитда унчалик бўртиқ ғоя бўлишига умид кам.
Ҳомий
Ҳомийси жуда бой ва мен билан ўзига хос муносабатларга эга ташкилот (топинг-чи :))
Албатта, Ёшлар иттифоқи!
Ёшлар иттифоқининг пичоққа илинадиган биргина йирик лойиҳаси ― «Пролог» эди. «Скорпион» иккинчиси бўлиши мумкин.
Ҳадемай (1 декабрдаги премьерадан сўнг) тахминларни текширамиз, саволларга жавоб оламиз.
Синчи бўпкетай-эй!
Ҳар ҳолда, «уй бекаси»дан фойдалироқ касб шекилли.

Шаҳноза Тўрахўжаеваскачать dle 12.0
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?Илтимос
матнни белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг
Комментарии (0)
Биз
[rating-type-4]
[/rating-type-4]
Топ мақолалар
Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик бартараф этилмагани сабабли ушбу автомобиль онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди....
31.07.24
298
0
Алимент суд жараёнида тўлаб берилди Алимент суд жараёнида тўлаб берилди
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг  қарздор Р.К дан ундирувчи М.А фойдасига вояга етмаган фарзанди...
31.07.24
227
0
18+ Цена jizzaxcity.uz Яндекс.Метрика