Жаҳон тарихидаги энг кучли мафиялар: «Даҳшатли еттилик» (фото)

Жаҳон тарихидаги энг кучли мафиялар: «Даҳшатли еттилик» (фото)
Фото / Блог
21:32, 09 ноябрь 2018
5 690
0

Уюшган жиноятчилик – мафия тушунчаси ўтган асрда жуда оммалашган эди. Бундай гуруҳларнинг аъзолари аҳоли орасида қўрқув ва хавотир тарқатиш билан бирга даромад келтирадиган деярли барча соҳаларни назорат қилишарди. Ўтган асрнинг 80-йиллари киносаноатида, бадиий асарларида мафиоз тизимлар кенг ёритилгани бежизга эмас (масалан «Шайтанат» асари ва фильми ҳамон оммабоп). Давлат томонидан уларга қарши қаттиқ курашлар самараси ўлароқ, қолаверса бир-бирлари билан зиддиятлар натижасида бундай гуруҳлар жиловланди ва кўпчилик вакиллари ё тобутга, ёки панжара ортига тушишди. Худди шундай жараёнлар бошқа давлатларда ҳам ўта йирик кўламда кечган. Бугун дунёнинг энг кучли мафиоз гуруҳлари рўйхати билан танишамиз деб ёзади Kun.uz нашри.

Уюшган жиноятчиликнинг «Мафия» сўзи билан боғланиши узоқ XIII асрга – Италиянинг Сицилия оролига бориб тақалади. Ўша пайтда орол аҳолисини нафақат жазоирлик қароқчилар, балки итальян бойларига хизмат қилувчи француз аскарлари ҳам талашарди. Уларга қарши 1282 йилда тузилган «Morete alla Francia, Italia anela» («Франция ўлсин – Италия эркин нафас олсин») шиори билан иш бошлаган сицилияликлар гуруҳи бу шиорнинг бош ҳарфлари жамлаб тузилган «Mafia!» атамасини олишди. Дастлаб эзгу мақсадларни кўзлаган бу гуруҳ деҳқонлар ва кичик савдогарлар кўмагида жуда кенгайиб кетди ҳамда уста жангчиларга айланишди. Французлар қувилгач, мафия аъзолари бошқа душманлардан ҳимоя қилиш шарти билан аҳолидан ўлпон йиға бошлади. Кейинчалик ўлпон тўламаганларни қаттиқ жазоланиш йўлга қўйилди ва аста-секин уюшган жиноятчиликнинг бундай тури илдиз ота кетди.

XIX асрга келиб мафия шу даражада қудратли кучга айландики, Сицилияни Италиядан ажратиб олиш ва исёнчи Жузеппе Гарибальди билан иттифоқ тузиш ҳаракатига тушди. Бунга жавобан Италиядан катта қўшин жўнатилди ва мафия аъзолари қақшатқич мағлубиятга учради. Шундан сўнг ночорлик уларнинг кўпчилигини Янги Дунё – Америка сари йўл олишга мажбур қилди ва улар АҚШга келиб ҳам йирик жиноий тўдалар тузишди. Бу ҳақда қуйида яна тўхталамиз. Ҳозирча «даҳшатли еттилик» ҳақида.

7. Албан мафияси

Бу кичик ва қолоқ давлат ўзининг кўп сонли жиноий гуруҳлари билан ном қозонган. Асосан рэкэт, контрабанда, наркотик савдоси ва фоҳишабозликни назорат қилиш ортидан даромад қилади. Шунингдек, одам савдоси, автомобиллар ўғирлаш, тамаки тарқатиш тизимини йўлга қўйиш ҳам Албан мафиясининг доимий эрмаги. Аъзолари ўта шафқатсизлиги билан ном қозонган.

6. Мексика мафияси

Бу жинойи гуруҳ ёки гуруҳлар мажмуаси Мексикадан ҳам кўпроқ АҚШда довруғ қозонган. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида қамоқхоналарда маҳаллий ёки бошқа юртлардан келган маҳбуслардан ҳимояланиш мақсадида тузилган гуруҳ тез орада озодликда ҳам қулоч ёза бошлади. Асосий йўналишлари тамагирлик, босқинчилик ва наркотик моддалар савдосидан иборат. Ўлпонни тўламаганларни тез ва шафқатсиз ўлдириши билан ном қозонган.

5. Колумбия наркокартеллари

Пабло Эскобар ва шериги
Колумбия мафиясининг асосий фаолияти АҚШ ҳудудига наркотик етказишдан иборат. Жиноятчилик кўлами шунчалар улканки, гуруҳлар ўзларининг яхши қуролланган қўшинлари, самолёт ва вертолётлари, ҳатто кичик сув ости кемаларига эга. Бутун дунёга кокаин ва героин тарқатиш ортидан катта маблағ тўплаган мафия ўз давлатида сиёсатга ҳам аралашиб кетган ва катта амалдорларни назорат қилади. Олтмишинчи йилларда ривожлана бошлаган Колумбия мафияси «Медельин», «Кали» каби йирик гуруҳларга эга.

4. Хитой «Триада»си

Жуда қадимий тарихга эга бўлган бу гуруҳ ёки гуруҳлар вакиллари ўзларининг аждодлари Манчжуриянинг Цин династиясига қарши курашиб, Хитойни озод қилганлари билан фахрланадилар. «Триада» аъзолари ўта оддий ва фақирона кўринишлари билан ном чиқарган. Аммо ўз давлатларида ҳам, Хитойнинг йирик диаспоралари бўлган бошқа давлатларда ҳам «Триада» атамасининг ўзиёқ кишиларни даҳшатга туширишга қодир. Қурол, наркотик, тақиқланган дорилар, контрабанда маҳсулотлари савдосидан ташқари енгилтак аёллар, қиморхоналар, автомобиллар ва бандаргоҳларни ҳам назорат қилади. 3 рақмини илоҳийлаштириш ортидан «Триада» сўзи келиб чиққан. Сўнгги йилларда Хитойда ҳукуматнинг қатъий чоралари натижасида бу жиноий гуруҳлар анча чекланган.

3. Япон «Якудза»си

Японияда «Якудза» худди Парижнинг Эйфель минораси, ёки Нью-Йоркдаги «Озодлик» ҳайкали сингари осори-атиқа ҳисобланади. «Якудза» ҳам узоқ тарихга эга ва унинг аъзолари ўзларини озодлик учун курашга бел боғлаган самурайлардан келиб чиққанларини таъкидлашади. Кунчиқар юртда «Якудза» қонун томонидан тақиқланмаган, худди жамоатчилик ташкилоти сингари фаолият юритаверади. Бу гуруҳ ёки гуруҳлар қатъий кодекс асосида фолият юритиши белгиланган ва унинг аъзолари майда жиноятчиликка қўл урмаслиги керак.

Шунингдек, алламбало татиуровкалари билан машҳур гуруҳ вакиллари раҳбарнинг ҳар қандай буйруғини бажариши, зарур бўлса унинг учун жонини бериши шарт. «Якудза» ўтган асрнинг иккинчи ярмида гуллаб яшнаган ва ҳатто ҳукумат ҳам у билан ҳисоблашишга мажбур бўлган. «Якудза» фақат жиноий ҳаракатлар билан чекланиб қолмай давлат раҳбарларининг илтимосига кўра Япониядаги оммавий тартибсизликларни бостиришда, «Фукусима» АЭСи фожиасини бартараф қилишда ҳам иштирок этган.

Аммо сўнгги йилларда «Якудза» иши анча орқага кетди. Гарчи давлат унинг фаолиятини расман тақиқламаган бўлсада, бирор шахс ёки ташкилот мафия билан ҳамкорлик қилса, унинг ҳисоб рақамлари блокланади, акциялари сотувдан олинади ва ҳатто ижарага олган биноларидан ҳам ҳайдаб чиқарилади. Бу «Якудза»нинг иқтисодий ночор ҳолатга тушишига сабаб бўлди ва уларнинг кичик аъзолари ҳатто қовун ўғирлаб қўлга тушганлари ҳам қайд этилди.

«Якудза» аъзолари миллий полиция томонидан ҳисоблаб борилади ва сўнгги 13 йил давомида уларнинг сони мунтазам равишда камайиб бормоқда. 2017 йил якунига мафия таркибида 34,5 минг аъзо бўлган ва бу бундай ҳисоб-китоблар олиб борилаётган деярли 70 йиллик тарихдаги энг паст кўрсаткичдир. 1964 йилда «Якудза» аъзолари сони энг чўққига чиққан ва унда 184 минг киши қайд этилган. Ўз вақтида «Якудза» шунчалар қудратли гуруҳ бўлганки, ўз аъзолари учун мунтазам чоп этилувчи махсус журнал ҳам таъсис этган.

2. Италия+АҚШ. «Cosa Nostra»

XIX асрга келиб кўплаб сицилияликлар янги имкониятлар излаб Америкага йўл олишади. Тез орада улар АҚШнинг йирик шаҳарларида «Cosa Nostra» («Бизнинг ишимиз») деб номланган, расман Сицилия оилалари тармоғи деб юритилувчи жиноий гуруҳларга асос солдилар. «Cosa Nostra» аъзолари ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида ўзларининг шуҳрат чўққисига чиқишди. Улар ҳақида асарлар ёзилди ва қўлма-қўл бўлиб ўқилди, фильмлар ишланди.

Дон Корлеоне, Аль-Капоне, Фрэнк Костелло каби номлар жарангдорлиги билан бирга бутун Америка ва унга ёндош давлатларни даҳшатга соларди. Жиноий гуруҳлар назорат қилмайдиган ҳудуд, суқилиб кирмаган соҳанинг ўзи йўқ эди. Қурол, наркотик, спиртли ичимликлар (айниқса улар расман сотилиши тақиқланган пайтда катта фойда келтирган), казинолар, меҳмонхоналар, фоҳишалар... Булар «Cosa Nostra» фаолиятининг бир қисми эди холос. Мафия сиёсатда ҳам, давлат раҳбарлари орасида ҳам ўз одамларига эга эди.

Аммо йиллар ўтиб давлат ҳаммасини ўз назоратига ола бошлади, гуруҳлар бир-бирларини қиришга киришиб кетдилар, уларга даромад бериб турган соҳалар назоратдан чиқиб кетди. Ҳозирги кунда бу гуруҳ кўпроқ ўша тарихий шуҳрати билан фахрланади.

1. Рус мафияси

Бу ном остида нафақат руслар, балки келиб чиқиши собиқ иттифоқ давлатларидан бўлган барча жиноий гуруҳлар аталади. Рус мафияси (ёки «қизил мафия») ўтган асрнинг 60-йилларида пайдо бўлган ва «қонундаги ўғрилар» номли вакиллари кўпайган 80-90-йилларда жуда кучайиб кетган. Ўша йилларда болалар ва ўсмирларнинг улғайганларида мафия сафига қўшилишни орзу қилишлари бежизга эмасди. Ҳар бир йирик шаҳар ўзининг жиноий гуруҳига ёки гуруҳларига эга бўлиб, улар деярли ҳамма соҳага кириб борган, бутун аҳолини хавотирда сақлашар, бир-бирлари билан уюштирган қонли урушларида бир вақтнинг ўзида юзлаб одамлар ҳалок бўларди. Айниқса Кавказ ва рус гуруҳлари ўртасидаги зиддиятлар даҳшатли кечган.

Россия ИИВ маълумотларига кўра 2000 йилда 130та синдикатга бирлашган 964та йирик жиноий гуруҳ қайд этилган. Биргина 2001 йилнинг ўзида 11,5 мингдан ортиқ «мафиоз» жиноий жавобгарликка тортилган.

Япончик, Тайванчик, Отари Квантрашвили, Дед Ҳасан, Тариэл Ониани, Шакро Молодой каби сўнгги авлод мафияси етакчиларининг номиёқ кишиларни даҳшатга солишга қодир. Улар Россия билан чекланиб қолмай Европа қитъаси, АҚШ, Канада ва бошқа йирик давлатларда ҳам ўз фаолиятларини йўлга қўйишган.

Аммо охирги йилларда рус мафияси ҳам одатдаги жиноятчиликдан воз кечиб, йирик бизнес ва сиёсатга киришиб кетган. Россия ва собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларидаги уюшган жиноятчилик кўлами 90-йилларга нисбатан кескин камайган.

Сўнгги маълумотларга қараганда рус мафияси вакиллари 1991 йилдан буён 150 миллиард долларни Россиядан олиб чиқиб кетишган ва дунё бўйлаб аъзолари сони 500 минг кишидан ортиқ.
Аброр Зоҳидов
скачать dle 12.0
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?Илтимос
матнни белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг
Комментарии (0)
Биз
[rating-type-4]
[/rating-type-4]
Топ мақолалар
Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик бартараф этилмагани сабабли ушбу автомобиль онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди....
31.07.24
176
0
Алимент суд жараёнида тўлаб берилди Алимент суд жараёнида тўлаб берилди
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг  қарздор Р.К дан ундирувчи М.А фойдасига вояга етмаган фарзанди...
31.07.24
157
0
18+ Цена jizzaxcity.uz Яндекс.Метрика