Янги таҳрирдаги Конституцияда инсоннинг ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқи қандай ифодаланган
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 30-моддасига кўра ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.
Конституциянинг 31-моддасида эса ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Жиноят ишлари бўйича одил судлов фуқароларнинг, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодексининг 17-моддасида хам шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш белгмланган бўлиб, судья, прокурор, терговчи ва суриштирувчи ишда қатнашаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишлари шарт.
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 100-моддасида эса шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш кўрсатилган бўлиб,
фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.
Манфаатдор шахсларнинг талабига кўра фуқаронинг шаъни ва қадр-қимматини унинг вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилишга йўл қўйилади.
Башарти, фуқаронинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар оммавий-ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, айни шу оммавий-ахборот воситаларида раддия берилиши лозим.
Башарти, бундай маълумотлар ташкилотдан олинган ҳужжатда учраса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак.
Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.
Фуқаро оммавий ахборот воситаларида унинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи маълумотлар эълон қилинганда у айни ўша оммавий ахборот воситалари орқали чиқиб, ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Башарти, суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаса, суд қоидабузарга қонунчиликда белгиланган миқдорда ва тартибда ундириладиган жарима солишга ҳақлидир. Жаримани тўлаш қоидабузарни суднинг ҳал қилув қарорида назарда тутилган ҳаракатларни бажариш вазифасидан озод этмайди.
Ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилган фуқаро бундай маълумотлар рад этилиши билан бир қаторда уларни тарқатиш оқибатида етказилган зарарлар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.
Ушбу моддадаги фуқаронинг ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қоидаси юридик шахснинг ишчанлик обрўсини ҳимоя этишга нисбатан ҳам тегишли йўсинда татбиқ этилади.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини камситадиган маълумотлар тарқатилган тақдирда, уларни ҳимоя қилиш суднинг биринчи даражали вазифаларидан бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонуний оммавий ахборот воситаларидан фуқароларнинг шахсий ҳаётларига аралашиш, уларнинг шаъни, қадр-қимматлари ва ишчанлик обрўсига тажавуз қилиш мақсадида фойдаланишни ман этади.
Фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
100-моддасига мувофиқ ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти, бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддаси ва «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддасига мувофиқ юридик ва жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ўзининг шаъни ҳамда қадр-қимматига доғ туширадиган маълумотлар бўйича раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақли эканлигига судларнинг эътибори қаратилсин.
Қонунларни тўғри татбиқ этиш, фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқларини амалга оширишларига ёрдам беришини ҳисобга олиб, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги ишларни судлар синчковлик билан кўришлари зарур.
Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни рад этиш ҳақидаги талаблар, маълумотлар қандай шакл ва услубда тарқатилганидан қатъи назар, судга тааллуқлидир.
Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 34-моддасига биноан эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар ўз раддияси ёки жавобини мазкур оммавий ахборот воситаси орқали эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб газеталарда раддия олинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида, бошқа даврий нашрларда эса навбатдаги сонда эълон қилинади.
Оммавий ахборот воситаси раддия ёки жавобни эълон қилишдан бош тортса ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.
Шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги даъво аризадан суммадан келиб чиқиб мулкий тусга эга бўлмаган ариза сифатида давлат божи ундирилади. Айни бир вақтнинг ўзида моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талаб ҳам қўйилган бўлса, давлат божи умумий асосларда даъво баҳосидан келиб чиқиб ундирилади.
Бадном қилувчи маълумотларнинг ўзига нисбатан даъво қўзғатилган шахс томонидан тарқатилганлиги фактини тасдиқловчи далилларни судга даъвогар тақдим этишга мажбурдир.
Суднинг ҳал қилув қарорлари ва ҳукмларида, тергов органлари қарорларида ва қонунда шикоят қилишнинг ўзгача тартиби кўзда тутилган бошқача расмий ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларни рад этиш ҳақидаги талабларни Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 100-моддасида назарда тутилган тартибда кўриш мумкин эмас.
ФКнинг 100-моддаси 2-қисмига асосан манфаатдор шахс шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини бадном қилувчи маълумотлар унинг вафот этган оила аъзолари ёки қариндошларига нисбатан тарқатилганда ҳам уларнинг суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Бадном қилувчи маълумотлар вояга етмаганлар ёки белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан тарқатилганда, уларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида қонуний вакиллари (ота-оналари, болаликка олувчилари, васийлари), ҳомийлари ёки ФПКнинг 50-моддаси тартибида прокурор ариза билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Юридик ёки жисмоний шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотларни тарқатиш деганда уларни оммавий ахборот воситаларида чоп этиш, хизмат таърифномаларида баён этиш, кўпчилик олдида сўзлаганда, мансабдор шахслар номига ёзилган аризаларда ёки бошқа, шу жумладан оғзаки бўлса ҳам бир неча шахсга ёхуд бир кишига хабар қилиш тушунилади.
Бундай маълумотларни фақатгина ўзига алоқадор шахснинг ўзига айтиш, бу маълумотларни тарқатиш деб қаралмайди.
Ўзининг шаънига ҳақоратловчи маълумотлар айтилган, шунингдек туҳмат қилинган фуқаро бундай маълумотларни тарқатган шахсни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддаларига кўра жиноий жавобгарликка ёки Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 ва 41-моддаларига кўра маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида тегишли органларга мурожаат қилишга ҳақли.
Бадном қилувчи маълумотлар деганда, айрим фуқаролар ёки жамоат фикрида амалдаги қонунларга ва ахлоқ қоидаларига риоя қилиш нуқтаи назаридан қараганда шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини оёқ ости қилувчи, обрўни тўкувчи маълумотлар ҳисобланишини судларга тушунтирилсин.
Ишдаги камчиликларни, жамоат ва иш жойларидаги, турмушдаги феъл-атворини танқид қилувчи, ҳақиқатга тўғри келадиган маълумотларни рад этиш ҳақидаги талабларни асосли деб ҳисоблаб бўлмайди.
Агар аризада оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотларга раддия бериш талаб этилган бўлса, жавобгар сифатида муаллиф ва тегишли оммавий ахборот органи жалб этилишини инобатга олган ҳолда, ишни суд мажлисида кўришга тайёрлаш тартибида иш бўйича дахлдор жавобгарларни аниқлаш лозим бўлади. Маълумотлар расмий хабарларда кўрсатилган ҳолларда («Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 40-моддаси») суд ёлғон маълумотларни дастлаб тарқатган шахсни ҳам жавобгар сифатида жалб қилиши мумкин.
Хизмат тавсифномаларида кўрсатилган бадном қилувчи маълумотларни рад этиш ҳақидаги даъволар бўйича уни имзолаган шахслар ҳамда таърифномани берган корхона, муассаса ёки ташкилот жавобгар ҳисобланадилар.
Бадном қилувчи маълумотлар деворий ёки фуқаролик процессуал ҳуқуқ лаёқатига эга бўлмаган кўп нусхали рўзномаларда эълон қилинган бўлса, эълон қилинган мақола муаллифи билан бир қаторда рўзноманинг органи ҳисобланадиган ташкилот жавобгар бўлади.
Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар ташкилот томонидан берилган ҳужжатда ифодаланган бўлса, суд қарорида бундай ҳужжатни алмаштириш мажбуриятини ўша ташкилотга юклайди.
Суд ҳар бир ишнинг аниқ ҳолатларидан келиб чиқиб, жавобгарга кўпчилик олдида кечирим сўраш, тарқатилган маълумотларнинг нотўғри эканлигини йиғилишда эълон қилиш, даъвогарни бадном қилувчи маълумот хабар қилинган ташкилотга раддия ёзиб юбориш мажбуриятини юклатиши мумкин.
Судлар қонун билан ман этилган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилишининг олдини олиш мақсадида, бадном қилувчи маълумотлар тарқатилганлиги сабабларини синчковлик билан аниқлаб, бажарилиши устидан тегишли назорат ўрнатган ҳолда хусусий ажрим чиқарадилар.
А.Сайфитдинов
Жиззах вилоят маъмурий суди судьяси