Ерга оид мулкий муносабатларда барқарорликни таъминлаш лозим
Суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилиши суд органларининг нуфузини ошириш, суд қарорлари, шу жумладан жазонинг муқаррарлигини таъминлаш билан бир қаторда, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда бошқа манфаатдор идоралар ўртасида фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, суд ҳужжатларини ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисда”ги 11-сонли Фармонида суд қарорларининг қаътий ижросини таъминлаш ҳамда суд қарорларини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш бўйича бир қанча вазифалар белгилаб олинган.
Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди.
Ушбу модданинг 3-қисмига кўра, ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.
Қонунлар аввало фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига хизмат қилади. Давлат идоралари ҳам ўз навбатида фуқароларимиз учун хизмат қилади.
Жиззах вилоят фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман судлари томонидан 2018-2022 йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтариш ҳақида жами 1089 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган ва аниқланган ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни буздириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари тегишли ҳудудий бўлимларга юборилган.
2023 йилнинг 1-ярмида ерга оид ҳуқуқий муносабатларга доир кўрилган фуқаролик ишларининг сони 312 тани ташкил қилса, шундан 242 таси “ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларни қайтаришга доир низолар” кўриб тамомланган.
Бу фуқароларимизнинг қонунда белгиланган тартибга риоя қилмасдан келаётганларидан далолат демакдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуни асосида ижро иши юритиш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига кўра, давлат ижрочиси ижро ҳужжатини суддан ёки уни берган бошқа органдан ёхуд ундирувчидан (агар ижро ҳужжатини ижрога топшириш муддати ўтмаган ва мазкур ҳужжат ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлса) ижро учун қабул қилиб олиши ва ижро иши юритишни қўзғатиши шарт.
Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор чиқаради.
Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор нусхаси у чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай ундирувчига, қарздорга, шунингдек ҳужжати ижро этилиши лозим бўлган суд ёки бошқа органга юборилади.
Мазкур Қонуннинг 30-моддасига кўра, ижро ҳаракатлари ва ижро ҳужжатининг талаблари ижро ҳужжатининг ихтиёрий ижро этилиши учун ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддат тугаган кундан эътиборан кўпи билан икки ой муддат ичида давлат ижрочиси томонидан амалга оширилиши ва ижро этилиши керак.
Президент таъбири билан айтганда «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак».
Ушбу тамойилни илгари суриш масадида малакатимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар кўламида фуқароларимизни ҳам ерни эгаллаш, уни обод қилиш мақсадида тинмай меҳнатини аямай, тинч тотувликда ишлашлари учун белгиланган тартиб таомилларига ҳам амал қилишни билишлари ва чуқур англашлари лозим бўлади.
Мурод Зулфуқоров,
Жиззах вилоят суди судьяси