Айримларга солиқ кешбекини олиш имконияти чекланди, кимларгадир кенгайтирилди
Ўзбекистонда бир фоизлик кешбек олиш учун лимит белгиланган ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб фуқароларга ҚҚС суммаси тўланиши лозим бўлган товарлар ва хизматлар рўйхати кенгайтирилган.
Президентнинг 10 январдаги қарори билан тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Тузатишларга кўра, 2024 йилдан бошлаб ўзбекистонликлар ойига БҲМнинг 60 барaваридан ошмайдиган харидлар учун кешбек олишлари мумкин (бугунги кунда бу 20,4 миллион сўм). Шундай қилиб, чекларни сканерлаш учун уларга 204 минг сўмгача пул тўланади.
Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматининг хабар беришича, ўзбекистонликларнинг ўртача 98 фоизи ҳар ойда 20 миллион сўм миқдорида харид қилишади. Айнан шу боис БҲМнинг 60 барaварига тенг лимит белгиланган.
Ҳукумат чекловга боришга қарор қилганининг сабабини қўмита кўрсатмаган. Бироқ, бу фискал чекларга оид ҳийла-найранглар билан боғлиқлиги аниқ. Сотувчилар чекни бермаслиги ва илова орқали ўзлари уриб олганига кўпчилик гувоҳ бўлган.
Шунингдек, ҳужжатда "Ягона ижтимоий ҳимоя реестри"га кирган фуқароларга ҚҚС қайтариладиган товарлар ва хизматлар сонининг 9 тагача кенгайтирилиши кўзда тутилган.
Энди аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар ун, шакар, дори-дармон ва тиббий хизматлар учун ўз карталарига 12 фоизни олишлари мумкин. Ушбу турдаги кешбек учун лимит ойига БҲМнинг 10 барaвари ёки 3,4 миллион сўм миқдорида белгиланди.
Бундан ташқари, корпоратив карталар орқали тўланган харидлар учун кешбек бекор қилинади. Шу муносабат билан, сотиб олиш чекида тўлов амалга ошириладиган банк картаси турини (корпоратив ёки шахсий) кўрсатиш керак бўлади.