Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдони фермер хўжалигига олиб берилди
Ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича давлат назорати бу соҳанинг ўзигагина хос бўлган ҳуқуқий шаклларига эга. Ер назорати органлари назорат остидаги субъектлардан ер ва экологик қонунчилик меъёрларига риоя этишни талаб қилиши баробарида, ўзлари ҳам моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларига оғишмай амал қилишлари зарур.
Ер назоратининг ҳуқуқий шакллари уларни қўллаш характеридан келиб чиқиб учга бўлинади: огоҳлантирувчи, жорий ва навбатдаги.
Огоҳлантирувчи назорат ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат фаолияти шакли сифатида назорат тизимида марказий ўрин эгаллайди (ер назоратининг огоҳлантирувчи вазифасидан келиб чиқади). Огоҳлантирувчи шакл ташкилий қисмининг асосий мақсади ерлардан муносиб фойдаланишни таъминлаш учун ташкилий шарт-шароитлар яратишдан иборат. Ташкилий-огоҳлантирувчи элемент ўз ичига назорат фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари, кўрсатмалар, режа ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишни қамраб олади. Шунингдек, ердан оқилона фойдаланиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш асосларини яратишга доир вазифаларни ҳал этади. Ер назорати мансабдор шахслари дастурлар ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, режалаштиришда қатнашиш, лойиҳавий қарорларни экспертиза қилиш, ер участкасини танлаш ва рад этиш жараёни, объектларни, мелиоратив қурилмаларни ишга тушириш учун қабул қилиб олиш орқали ердан фойдаланишни ташкиллаштиради ҳамда ерларни муҳофаза этиш соҳасидаги зарарли оқибатлар келиб чиқишининг олдини олишни назарда тутади.
Назорат объекти — ер тааллуқли бўлган ер фонди, унинг мақсади ва фойдаланиш ҳолати тўғрисидаги маълумотлар ҳужжатларда мустаҳкамланиши, тўпланиши, тегишлича қайта ишланиши, тизимлаштирилиши, қиёсланиши, таҳлил этилиши ва баҳоланиши лозим. Буни амалга ошириш учун, назаримизда, назоратнинг огоҳлантириш шаклининг тадқиқот қисмидан фойдаланиш зарурати юзага келади. Уни амалга ошириш ҳуқуқбузарликлар аниқланган тақдирда тегишли чоралар (санкциялар) қўллаш заруратини аниқлаш, ерлардан фойдаланиш ва назорат қилиш ташкилий шаклларини такомиллаштириш орқали огоҳлантирувчи чоралар мажмуини ишлаб чиқиш, ер ҳуқуқбузарликларининг олдини олиш ҳамда давомли ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш мақсадида маслаҳат фаолиятига эҳтиёжни аниқлаш имконини беради.
Жорий назорат — тегишли органлар фаолиятининг доимий ва ажралмас қисми ҳисобланади. Зотан, огоҳлантирувчи фаолият шакли қанчалик самарали бўлмасин, амалиёт ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликлар содир этилиши муқаррарлигидан далолат бермоқда. Огоҳлантирувчи фаолият нақадар муҳим бўлмасин, қонунчилик талаблари, фойдаланиш қоидалари, мажбурий тадбирлар бажарилиши ва шу кабиларга риоя этилишини текшириш назорат хизматининг тадқиқ этилаётган шакли орқали амалга оширилаётган кундалик вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Мазкур фаолиятнинг текширув, кузатув, тадқиқот, экспертиза, ҳуқуқбузарликлар манбаларини ҳисобга олиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жавобгарликка тортиш каби усуллар орқали амалга оширилиши тан олинган. Ушбу назоратда кузатув, тадқиқот, қўққисдан текширув ўтказиш, таққослаш, қиёслаш ва бошқа усуллардан фойдаланиш, айниқса, самарали ҳисобланади.
Текширув мазмуни, амалга ошириш тартиби, уни қўллашнинг техник усули текширишнинг мақсади, йўналиши, ердан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятига боғлиқ. Ушбу ҳолатлардан келиб чиққан ҳолда режали, режадан ташқари, комплекс, умумий, танланган, такрорий ва бошқа турдаги текширувлар ўтказилади.
Натижалар тегишлича расмийлаштирилади, аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан зарур чоралар қўлланилади. Текширув натижалари бўйича зарур маълумот ушбу ҳудудда ердан фойдаланувчи барча шахслар эътиборига етказилиши лозим. Шунда унинг самарадорлиги муҳим аҳамият касб этади.
Текширув нафақат жорий назорат, балки огоҳлантириш чораси сифатида ҳам кўрилиши зарур. Жорий назоратда текширув жараёнида ердан фойдаланиш ва муҳофаза қилишнинг белгиланган тартибидан муайян даражада чекинишни аниқлашга йўналтирилган техник чора-тадбирлар комплекси қўлланади. Бунда тегишли жойларда кўрсаткичларни аниқлаш, намуналар олиш ва текшириш, иқтисодий ҳисоб-китоб қилиш ва ҳоказолар талаб этилади.
Доимий жорий текширувлар, ўз навбатида, ер ҳуқуқбузарликлари содир этилишига олиб келган асосий сабаб ва манбаларни аниқлаш, уларни тизимлаштириш ҳамда ўз вақтида бартараф этиш имконини беради. Ушбу ҳолатда назоратнинг жорий ва огоҳлантирувчи шакллари ўртасидаги алоқадорлик кўзга ташланади. Қоида тариқасида тақиқлар у ёки бу фаолиятни тўхтатишда, унинг давом этиши, зарарли оқибати ривожланишининг олдини олишда намоён бўлади. Шунингдек, давомли ҳуқуқбузарликларга барҳам беради.
Умумий қоида тариқасида жавобгарликка тортиш ваколатли органларнинг ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасида аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан таъсир этишнинг муайян шаклида намоён бўлади. Яъни ер мулкдори, ердан фойдаланувчи, ижарачи томонидан салбий, қонунчиликка зид қилмишлар содир этилганда уларга нисбатан тегишли юридик жавобгарлик қўлланади.
Шу ўринда ҳаётий мисолларга эътибор қаратадиган бўлсак, даъвогар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши фермер хўжалиги манфаатида жавобгар фуқарога нисбатан даъво ариза билан судга мурожаат қилиб унда ўзбошимчалик билан қурилган қурилишни буздириш ва ер майдонини фермер хўжалигига қайтариб олиш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.
Фуқаролик ишлари бўйича туман судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъвоси қаноатлантирилиб, жавобгар фуқаро томонидан СИУ ҳудудидаги қишлоқ хўжалик харитасининг 200-контурдаги фермер хўжалигига тегишли бўлган 12 гектар ер майдонидан 0,50 сотих ер майдони унга қайтарилган.
Жавобгар фуқаро томонидан ушбу ҳудуддаги ноқонуний равишда қурилган 20х10 метр ўлчамдаги, 200 квадрат метрли 5 хонали уй-жой жавобгарнинг ҳисобидан бузиб ташлаш мажбурияти юклатилган.
Суднинг мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар фуқаро томонидан апелляция шикояти берилган.
Иш ҳужжатларига қараганда, тумани ҳокимининг 2005 йил 1 декабрдаги қарори билан фермер хўжалигига ширкат хўжалиги ҳудудидаги 201-контурдан 1 гектар, 202-контурдан 2 гектар, 200-контурдан 12 гектар жами 14 гектар буз ер майдонларидан 30 йил муддатга шартнома асосида ижарага ажратиб берилган.
Тумани ҳокимининг 2018 йил 10 августдаги 1680-сонли қарори билан фермер хўжалигига қўшимча ер майдони ажратилиб, Турон массиви ҳудудидаги жами 59,0 гектар ер майдонидан иборат эканлиги белгилаб қуйилган.
Тумани ҳокимлиги билан фермер хўжалиги ўртасида 2018 йил 3 сентябрда 130-сонли фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси тузилган.
Тумани Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими вакиллари, фермер хўжалиги раиси ва жавобгар фуқаро иштирокида 2019 йил 25 февралда жавобгар фуқаро фермер хўжалигига ижара берилган 200-контурдаги яйлов ер майдонидан 0,50 сотих ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний равишда 20х10 метр ўлчамдаги 200 квадрат метрли 5 хонали уй-жой қуриб олганлиги ҳақида далолатнома тузишган.
Жавобгар фуқаронинг ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмасига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги Тумани давлат хизматлари марказида 2019 йил 25 январда рўйхатга олинган аризаси 2019 йил 20 февралда Тумани ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан кўриб чиқилиб, ушбу ер майдони фермер хўжалигида фойдаланишда бўлган ер майдони бўлганлиги сабабли ер майдонига мерос қилиб қолдириладиган эгалик қилиш ҳуқуқи ва бино-иншоотига хусусий мулк ҳуқуқини бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида хулоса берилган.
Тумани маъмурий судининг қарори билан жавобгар фуқаро низоли ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, уй-жой қурганлиги ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси МЖтКда назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун жавобгарликка тортилган.
Тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарори билан фуқаронинг тумани ҳокимлигига нисбатан фермер ҳўжалигига ер ажратиш ҳақидаги ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси рад этилган.
Апелляция инстанцияси низоли ер майдони даъвогарга ҳоким қарори билан ажратилганлигини, жавобгар даъвогарга ажратилган ер майдонига ўзбошимчалик билан қурилма қурганлиги мутахассисларнинг хулосаси билан ўз тасдиғини топганлигини, жавобгар мазкур содир этган ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жавобгарликка тортилганлигини, жавобгарнинг фермер ҳўжалигига ер ажратиш ҳақидаги ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси рад этилганлигини инобатга олиб фуқаролик ишлари бўйича туман судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.
Собир Набиев,
Жиззах вилоят суди судьяси