Ўзбекистондаги гендер тенгсизлиги муаммоси: Зўравонликка қандай барҳам бериш мумкин

Ўзбекистондаги гендер тенгсизлиги муаммоси: Зўравонликка қандай барҳам бериш мумкин
Янгиликлар / Жамият
15:14, 22 январь 2022
1 848
0

Сайёра (исмлар ўзгартирилган) вояга етганида нафақат ўзи яшаётган, балки ён атрофдаги маҳаллалардан ҳам совчилар оқиб кела бошлади.  Қош-кўзи қоп-қора, найза киприклари қуралай кўзларини сурма тортгандек ўраб туради. Ёноғидан қизиллик аримайди.  Икки бетидаги кулгичлари ҳар жилмайганида ҳуснига ҳусн қўшади.  10-синфни битирар-битирмас, қизига келаётган совчилардан шошиб қолган ота-онаси Сайёрани турмушга беришга қарор қилишди.  Ҳали ўқиш нияти борлигини айтган  қизига онаси “Қиз боланинг бахти эрида,   оила қуриб, тинчиб кетсанг,  аёл киши учун шунинг  ўзи катта бахт” дерди.  Сайёрадан икки синф юқори ўқиган Омон анчадан бери қизнинг ишқида ёнар,  унинг йўлини тўсиб, дил изҳорларини айтишдан чарчамасди. Кунига 3-4 марта йўлидан чиқадиган, бир умр қўлида кўтариб юришга ваъда бераётган йигит аста-секин  балоғатга етиб,  орзулар уммонида сузиб юрган қизнинг кўнглидан жой ола бошлади. Охир-оқибат  яна совчилар эшик қоқишганида Сайёра онасига дардини айтди.

-Ҳа, қўшни маҳалладаги Малоҳатнинг ўғлими? Яхши оила. Отанг билан бир маслаҳатлашай-чи?

Шу гаплардан сўнг қизнинг юраги ўйнаб кетди. Уялганидан ошхонадан қочиб,  ҳовли четидаги  молхонага кириб, ширин хаёлларга берилди.

Эртаси куни Омон билан учрашувга чиққан қиз ота-онаси розилигини, йигит совчи жўнатиши мумкинлигини айтди. Бахтиёр ёшлар шу куни  сайр қилиб, кунни қандай кеч қилишганини сезишмади ҳам.

Ўғлини уйлантириш пайига тушган онасига кўнглидан аллақачон Сайёра жой олганини айтган Омон балога қолди.

-Вой, сенга тегаман деб қараб турган қиз тиқилиб ётибди-ку? Келиб-келиб ўша қизни келин қиламанми? Улар бизнинг тенгимиз эмас. Отаси оддий ишчи бўлса? Сен бола эсингни еганмисан? Отанг бунга ҳеч қачон рози бўлмайди!

-Она, мен ундан бошқасига уйланмайман. Агар Сайёра хотиним бўлмаса,  Россияга кетаман-да, қайтиб келмайман.

Омон фикрида собит эканини сезган  Малоҳат жимиб қолди.

Қўшни маҳаллаларда ҳам овоза бўлган тўй бўлди. Сайёра  бахтдан  чиройига ўн чирой қўшилиб гўшангага кирди. Омоннинг ҳам оғзи қулоғида. Ахир шунча йигит орзу қилган қиз айнан уники бўлган эди.

Тўйдан сўнг фақатгина бир киши, Малоҳатнинг чиройи очилмади.   Тўйдан сўнг тўртинчи куниёқ қайнона янги келинга  зуғум қила бошлади.

-Ҳа, онанг сенга  чой дамлашни ўргатмаганми? Чойми бу, ювиндими?

-Қўлинг сингур, кирни ҳам шундай ювадими?  Тоза бўлмабди-ку?

-Ҳа, эринг ошиб-тошиб бозор қилиб  келяптими, овқатга ёғни ўлчамай соласан?

Ҳар куни такрорланадиган “тирноқ тагидан кир қидириш”ларга қайинсингиллари ҳам қўшилишди.

Онасининг, сингилларининг ҳар куни Сайёрани ёмонлашлари Омонга ҳам таъсир қила бошлади. Энди  шундоғам тинмай  уй юмушлари билан банд бўлган, деярли овқат  емайдиган хотинига қўл кўтара бошлади.

Сайёра уйга бориб, онасига дардини айтганида, у “бироз чида, болали бўлсанг, ҳаммаси яхши бўлади” деб юпатиб, қизини ортга қайтарарди.

Оилали қайинсингиллар  ҳар ойда фарзандлари билан ота-онасининг уйига келган кунлари Сайёра учун ҳақиқий дўзахга айланарди. Шу даражага бордики, улар ташқарига чиқмай, тунда ҳожат чиқарган тувакларигача  Сайёрага тозалата бошлашди.

Ҳомиладор Сайёра ҳолдан тойиб,  аввалгидек уй юмушларини чаққон бажара олмагани учун икки баробар кўп тазйиққа учрай бошлади.  Бу сафар ҳам келган қайинопаси эрталабдан бақир-чақир қилиб, энди нонуштадан сўнг дастурхонни йиғиб олаётган Сайёрага  хонасидаги тувакларни тозалаб қўйишни буюрди. Токсикоз бўлиб, зўрға юрган Сайёрани бу сафар сабри тугади:

-Етар, ўзингиз ва болаларингизнинг ахлатини ўзингиз тозаланг, — деганди, Лобар қўлидаги пиёлани Сайёрага қараб отиб, унинг юзига шапалоқ тортиб юборди-да, сўнг сочига ёпишди. Уйдаги бақир-чақир, тўс-тўполоннинг устидан чиқиб қолган қўшни аёл  профилактика инспектори, маҳалла ходимларини чақирди.

Маҳалладагилар қайнона, қайинсингил, Сайёрани ўртага олиб суҳбатлашишгач, уларни “яраштириб”, ортга қайтишди.

Аммо улар кетиши билан Малоҳат қизи билан “нега милиса чақирасан, нима бизни қаматмоқчимисан?” дея яна келинчакни ҳақоратлай бошлашди. Кечқурун ишдан қайтиб, кўпиртирилган воқеани эшитган Омон “ҳали сенми менинг опамни ҳурмат қилмайдиган” деб, хотинини ўласи қилиб калтаклади. Агарда Омоннинг отаси келиб, ўғлини қайтармаганида,  Сайёра майиб бўлиб қолиши аниқ эди.

Шу зайлда ўтаётган қора кунлар   тобора тушкунликка тушиб бораётган келинчакка тугамайдигандек кўринарди. Шу куни эри ва қайнотасини ишга кузатиб, қайнонаси  қўшниникига чиқиб кетганидан фойдаланган Сайёра ҳаёт билан видолашишга қарор қилди. Молхонага кириб, тўсинда илиғлиқ турадиган арқонни олиб, тўйиб  йиғлади, сўнг ундан сиртмоқ ясаб, ўзини осди. Шу пайт уйга қайтган Малоҳат Сайёрани чақириб, уни топа олмагач, келинини қарғаганича негадир безовта  маъраётган сигирдан хабар олиш учун молхонага кириб, даҳшатдан чинқириб юборди. Молхона тўсинида жон талвасасида типирчилаётган Сайёра осилиб турарди.

“Ёрдам беринглар”, деб бақирганича Сайёранинг оёқларига ёпишиб, уни амаллаб ечиб олган Малоҳат зудлик билан “Тез ёрдам” чақирди. Бахтига келини тирик қолди.

Касалхонада даволаниб чиққан келинчак, шундан сўнг рўшнолик кўрмади. Фарзанди дунёга келгач,  “ялқовсан, болани ҳам, уйни ҳам эплай олмаяпсан” дея Малоҳат унга кўз очирмай қўйди. Навбатдаги калтакдан сўнг  маҳалла фаоли Озода опа Сайёрани  Сайра Насирова раҳбарлик қилаётган Реабилитация ва мослаштириш марказига олиб келди.

Кучли стрессда, ўта тушкунликдаги Сайёра  марказда бир ой давомида яшади. Марказ психологи Роза Аманова томонидан кўрсатилган психологик ёрдам жувонга руҳий далда  бўлди. Марказ юристи Сайёранинг қайнона-қайнотаси, эри билан гаплашиб, оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик борлигини тушунтиришди. Фарзанди билан уйга қайтган Сайёра эндиликда турмуш ўртоғи билан алоҳида яшамоқда.

Марказ ходимлари, ички ишлар назоратида бўлган оила тинчиб, ниҳоят ёшлар ўз бахтини топишди.

Шу ўринда бир савол туғилади. Ўзганинг фарзандини инсон сифатида кўрмай, унга зулм ўтказишдан наҳотки баъзи қайноналар роҳатланса? Зеро, инсонга нисбатан зулм қилиш, ҳақоратлаш, калтаклаш жазосиз қолмаслиги керак. Профилактика инспекторлари бундай ҳолатда “суҳбат ўтказиб, яраштириш”гина эмас,  зулм қилаётган шахсни  жавобгарликка тортиши ҳам лозим.

8-март.

11-октябрь.

25-ноябрь.

Бу  3 та сана аёллар ва қизлар ҳақ-ҳуқуқлари билан боғлиқ.

8-март халқаро хотин-қизлар куни бўлса, 11 октябрь – Қиз болалар куни ва 25 ноябрь – халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун кураш куни.

Аёллар ва қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида фақат шу саналар арафасидагина гапириш нотўғри. Сабаби – жамиятда аёлларга нисбатан зўравонлик бугун пайдо бўлган муаммо эмас. Фақат бу ҳақда сўнгги йиллардагина очиқ гапира бошладик.

Самарқандлик “памперс” еган аёл, калтакланган блогер, интим видеоси тарқатилган депутат...

Хоразмда 19 ёшли келин осилган ҳолда топилди (манба)

Навоий вилоятида 31 ёшли аёл ўзи ва уч нафар қизини поезд тагига ташлади (манба)

Чироқчида бир аёл ўзининг икки фарзанди билан поезд остига ташлади (манба)

Тошкентда 20 ёшли қиз тўққизинчи қаватдан қулаб тушди, марҳуманинг онаси қизининг ўлимида унинг қайнонаси ва эрини айбламоқда (манба)

Жиззахда ўрта мактаб директорининг ўринбосари ўз турмуш ўртоғини ўлдирганликда айбланмоқда (манба)

Самарқандлик эркак аразлаб опасиникига кетиб қолган аёлини пичоқлаб ўлдирди (манба)

Рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин.

Бу каби воқеалар жамиятда катта резонанс уйғотди, турли фикрлар билдирилди. Ушбу мақолани ёзишдан мақсад Ўзбекистондаги гендер муаммосига назар солишдир. Унда оиладаги зўравонлик ва ушбу муаммога барҳам бериш учун биз  нималарга эътибор қаратишимиз лозимлиги ҳақида сўз юритамиз.

Шуни таъкидлаш керакки, қизлар ва аёлларнинг ҳуқуқини ҳам шaхсий, ҳам ижтимоий даражада қўллаб-қувватлайдиганлар сони озчиликни ташкил этади. Кўпчилик уларнинг таълим олиши ва ишлаши зарурлиги ҳақида гапиришни хушламайди. Баъзиларга ҳатто хотинларини тўлиқ назорат қилиш, калтаклаш ҳам нормал ҳолат ҳисобланади.

Афсуски, мамлакатимизда оиладаги зўравонлик миқёси ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. Ўзбекистон “Гендер тенгсизлиги индекси рейтинги”да 57-ўринда туради. Зўравонликка оид расмий миллий статистик маълумотлар БМТнинг “Аёллар маълумотлар базаси”дан ҳам топилмади. Бироқ дугоналар ёки оила аъзолари гапириб берган нохуш воқеалар, хабарлар ва ижтимоий тармоқлардаги постлар мамлакатда гендер камситиш мавжудлигини кўрсатмоқда.

Муаммоларга кўз юма олмаган ҳукумат ниҳоят тегишли қонунларни қабул қилишга қарор қилди. Ўзбекистонда 2019 йилнинг ёзида оиладаги зўравонлик ва аёллар камситилишига қарши қонунлар қабул қилинди. Бундан олдин махсус бошпаналар тўғрисидаги концепция жорий этилган эди.  25 ноябрда Ўзбекистон Сенати оиладаги зўравонликка қарши хавфсизлик чораси сифатида уюштирган кампания чоғида иқтисодий хавфсизликка ва қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Жамият “ҳазм қилаётган” оилавий зўравонлик

Оилавий-маиший зўравонлик муаммоси Ўзбекистон жамияти учун “ёпиқ” мавзу ҳисобланади. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали ёритилаётган оилавий зўравонлик турли резонанс ҳолатларга сабаб бўлмоқда.

Оилавий зўравонлик юзасидан ўтказилган ижтимоий сўровномалар натижалари

Жамиятимизда оилавий зўравонлик ҳолатларига нисбатан толерантлик руҳи шаклланган. Афсуски, кўпчилик бу муаммони уй ичидаги масала сифатида қабул қилади. Ачинарлиси, ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари ҳам оилавий зўравонлик тарғиботчисига айланган. Оилавий зўравонликка нисбатан аҳолининг фикрини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровнома ўтказилди.

Video Player

Ўтказилган сўровномада республиканинг турли ҳудудлари, шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи, турли соҳа ва тармоқларда банд бўлган 16 ва ундан катта ёшдаги фуқаролар иштирок этган. Сўровномада 600 дан ортиқ респондент қатнашган бўлиб, улардан 48,1%ни эркаклар ва 51,9 % ни аёллар ташкил этган. Сўровномада гендер тенглиги масалалари бўйича муаммоларни аниқлаш мақсадида турли саволлар берилган бўлиб, уларнинг баъзилари оилавий зўравонлик ҳолатларига бағишланган.

 

Демак, 9,6 % респондентнинг фикрига кўра, баъзида эр хотинининг қилаётган ишларидан асабийлашса ёки ғазабланса, хотини билан жанжаллашса, у хотинини туртишга ёки уришга ҳақли ҳисобланади. 18,8 % респондент эса бу саволга “билмайман” деб жавоб берган.

Бундан ташқари, сўровномада оилавий зўравонликка аёлларнинг сабр-тоқат қилиш масаласи юзасидан савол берилганда, унга қуйидагича жавоблар олинди: 4,5 % респондент аёл ўз оиласини сақлаб қолиш учун зўравонликка сабр қилиши кераклигига тўлиқ қўшилишини, 11,6% респондент эса ушбу фикрни маъқуллашини билдирган. Ачинарлиси шундаки, зўравонликка сабр қилиш, кўз юмиш ва умуман, аёллар томонидан оиласини сақлаб қолиш учун унга чидаш ҳолатлари оилавий зўравонликка қарши курашишга ҳалақит берувчи улкан тўсиқ ҳисобланади.

Шунингдек, «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Халқаро оила куни арафасида никоҳ ва оилавий муносабатларнинг энг долзарб масалалари, мавжуд оилавий муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган социологик тадқиқотлар ўтказди.

Сўров иштирокчиларининг аксарияти эр томонидан хотинга нисбатан жисмоний куч ишлатилишига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Бироқ ўзбекистонликларнинг жамоатчилик фикрида хавотирли тенденция ҳам кузатилади: 10,3 фоиз респондент айрим ҳолларда куч ишлатиш мумкин, деб ҳисоблайди. Уларнинг фикрича, аёл ўз хатти-ҳаракати билан эрини куч ишлатишга мажбур қилган ҳолларда жисмоний зўравонлик ҳолатига йўл қўйиш мумкин.

Ушбу жавоблар жамиятимизда оилавий зўравонликка толерантлик руҳи мавжудлигидан далолат беради ва бу жуда ҳам хавотирли ҳолат.

Шу нуқтаи назардан, жамиятимизда содир бўлаётган оилавий зўравонлик сабаблари нимада эканини аниқлаш зарур. Чунки, муаммо сабабини ўрганмай туриб, унинг ечимини топиш имконсиз.

Гендер тенглик жамиятга нима беради?

2021 йилнинг август ойида Гулнора  Раҳимова   молия вазирининг ўринбосари этиб тайинланди. Ижтимоий тармоқларда мазкур хабар тарқалганида кимдир ҳавас билан табриклаган бўлса, кимдир “аёл киши экан” деган изоҳлар қолдирди. Минг йиллар давомида  жамиятимизда аёлнинг ўрни ўчоқ бошида, вазифаси бола тарбияси, оила аъзолари ва қариндошларига хизмат қилиш деган фикр устувор бўлиб келди. XXI асрга келиб ҳам аксар юртдошларимиз мазкур фикрни қўллаб-қувватламоқда.

Танзила Нарбаева  - Сенат раиси

Аёл киши раҳбар бўла олмайдими? Бирор соҳани бошқаришга қурби етмайдими? Ўзи гендер тенглик жамиятга нима беради? Аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳада эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар асосида фаолият юритиши мамлакатнинг ривожланишига ҳисса қўшадими?

Гендер тенглик аввало  аёлларнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий соҳаларда эркаклар билан тенг ҳуқуқ ва имтиёзлар асосида фаолият олиб боришида кўринади. 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистонда гендер тенглиги сиёсати муваффақиятли амалга ошира бошланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди.  Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди.  2020 йили илк маротаба Феруза Маҳмудова Исроил давлатига элчи қилиб тайинланди.  

Дилфуза Уралова - Боёвут тумани ҳокими

 Наргиза Неъматова - Олот тумани ҳокими

Садбархон Мамитова (2021 йил июль ойида вафот этди) - Бўстон тумани ҳокими

 Мақсуда Мустафоева - Қарши тумани ҳокими

Зулайҳо Маҳкамова - Тўрақўрғон тумани ҳокими

Гавҳар Алимова - Каттақўрғон тумани ҳокими

Айни пайтда Ўзбекистонда 170 нафар туман ва 25 нафар (вилоят ва республика бўйсинувидаги) шаҳар ҳокими орасида фақат (5) нафар аёл фаолият юритмоқда. 2020 йил 20 январь куни ўтган Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев туман ҳокими лавозимига аёлларни қидираётгани, муносиб номзодларни амалда синаб кўриши ҳақида айтганди. «Нима учун? Аёлларимиз муаммоларни чуқурроқ билиши, фидойилиги, кучли масъулият туйғуси, меҳнатсеварлиги билан барчага ўрнак бўла олади деб такрор-такрор айтмоқчиман», — дея таъкидлаганди  давлат раҳбари. Шундан сўнг илк аёл-ҳоким  Дилфуза Уралова Сирдарёнинг Боёвут туманига раҳбар этиб, Бухоронинг Олот туманига Наргиза Неъматова, Андижоннинг Бўстон туманига Садбархон Мамитова (2021 йил июль ойида вафот этди), Қашқадарёнинг Қарши туманига Мақсуда Мустафоева, Наманганнинг Тўрақўрғон туманига Зулайҳо Маҳкамова ва Самарқанднинг Каттақўрғон туманига Гавҳар Алимова ҳоким этиб тайинланди. Ўзбекистонда ягона Яккасарой туман прокуратураси раҳбари Нилуфар Аллаберганова, Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчехра Рихсиева  ишлаб келмоқда. Албатта, бу жуда кам ва кўриб турганингиздек, бирорта аёл вилоят миқёсида ҳоким этиб тайинлангани йўқ. Вазирларни-ку, айтмаса ҳам бўлаверади. Уларнинг ичида фақат бир дона вазир ва Сенат раиси Танзила Норбоева бор. Албатта, бу – доимо эркаклар раҳбарлик қилиб келган Ўзбекистон учун катта ютуқ.

Нигоҳимизни шу мавзу юзасидан ғарб ёки  шарққа қаратадиган бўлсак, дунёдаги 22 та давлатни, хусусан Грузия, Тайвань (қисман тан олинган давлат), Непал, Молдова, Сингапур, Эфиопия, Греция, Словакия, Тринидад ва Тобаго давлатларини бугун аёллар бошқармоқда.  16та давлатнинг бош вазири аёллардир. Исроилда 27 нафар вазирдан 9 таси аёл. Норвегия, Швейцария, Нидерландия, Босния, Франция, Габон, ЖАР, Кения, Эфиопияда мудофаа вазирлари аёллардир.

Фото: Forbes.kz

Аёлларнинг юқори бошқарув лавозимларига  тайинланишлари жамиятга, мамлакатга нима беради? Аввало, аёл – она. Она эса  доимо ўз фарзандлари, яқинларини муҳофаза қилиш, асраш, уларнинг фаровонлигини таъминлашга интилади. Давлат бошқарувида бўлган аёллар аввало тинчлик, ижтимоий заиф қатламни ҳимоялаш, давлатнинг иқтисодий-ижтимоий барқарорлигини таъминлашга ҳаракат қилишади. Буни  жаҳон тажрибасидан ҳам кўрса бўлади. Масалан, Янги Зеландиянинг бош вазири Ардерн Жасинда ҳукумат тепасига келгач, ишини  аввало камбағалликни бартараф этиш, юз минглаб бошпанасиз аҳолига давлат томонидан бериладиган уйлар қуриш, мамлакат экологиясини яхшилаш ва кўкаламзорлаштириш, ис газларининг атмосферага чиқарилишини камайтириш, оналарга бола нафақаси  ҳажмини кўпайтириш, таълимни ислоҳ қилишдан бошлади.

Ўзбекистонда гендер тенгсизлик қачон барҳам топади?

Ўзбекистонда сўнгги пайтлари “гендер тенглиги”, “оиладаги зўравонлик”, “ҳимоя ордери” каби тушунчалар тез-тез қўлланила бошланди. Уларнинг бир бирига ўхшаш жиҳати шундаки, мазкур тушунчалар асосан қийин ҳаётий вазиятга тушган, оилада зўравонликка учраган хотин-қизларга нисбатан қўлланилмоқда.  

 Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикасининг Президенти:

 

“Мени кишиларимизнинг онгида пайдо бўлган стереотип кўп ўйлантиради. Одатда биз аёлни авваламбор она, оила қўрғонининг қўриқчиси сифатида ҳурмат қиламиз. Бу, шубҳасиз, тўғри. Аммо бугун ҳар бир аёл оддий кузатувчи эмас, балки мамлакатда амалга оширилаётган демократик ўзгаришларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчиси ҳам бўлиши керак”.

 

БМТ маълумотларига кўра, бир йил давомида 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган ҳар бешинчи аёл ва қизлар турли кўринишдаги зўравонликка учрайди. Камида 15 та мамлакатда ҳозиргача оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмаган.

Коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин чоралари давомида ҳам кўплаб мамлакатларда аёлларга нисбатан зўравонлик ва дискриминация ҳолатлари кўпайгани кузатилди. Пандемия шароитида аёлларнинг ёрдам олиш бўйича имкониятлари ҳам чекланиб қолди.

Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида ички ишлар органларининг ўрни катта. Ушбу мақсадда Ўзбекистонда Ички ишлар вазирлиги томонидан хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспектор ва психолог штатлари ташкил этилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимида алоҳида бўлим, шунингдек, ҳудудлар бўйича унинг бўлинмалари ташкил этилди.

Бундан ташқари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида янги институт – ҳимоя ордери киритилди. Ҳимоя ордерини амалиётда қўллаш оилавий низоларни бартараф этиш жараёнларида оилага зиён етказмасдан туриб, хотин-қизлар хавфсизлигини, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги вазифаларни бажаришдан иборат.

Ҳуқуқ-тартибот органлари аёллар ҳимоясида

Ўзбекистон аёллари гендер тенглигини таъминлашда ҳуқуқ-тартибот органлари ишнинг энг мураккаб қисмини бажаришади. Вазирлар Маҳкамасининг «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ички ишлар органлари ходимлари томонидан тазйиқ ёки зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби, асослари ва чекловлар белгилаб берилди. Профилактика инспекторлари ҳимоя ордерларини бериш ваколатига эга бўлди.

Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат ҳисобланади.

Ҳимоя ордери оилада эридан жабрланган, учинчи шахсларнинг зулмига дуч келган аёлларга, ота-онаси ёки бошқа шахсларнинг зулмига дуч келган (вояга етмаган) қизларга; қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликларда жабр кўрган, кўчада, ишда, ўқишда тазйиқ ёки шилқимликка дуч келган, ҳуқуқбузарлик ёки жиноят қурбони бўлган хотин-қизларга берилади.

Ҳимоя ордери берилганда тазйиқ ёки зўравонлик қилган шахсга нисбатан 30 кун чеклов ўрнатилади. Муддат тугаганда хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан ўттиз кунгача узайтирилади.

Ҳимоя ордерини бериш учун асос – мурожаат ёки хабар, оғзаки ёки ёзма равишда бўлиши мумкин.

Ҳимоя ордерида қуйидаги чекловлар назарда тутилиши мумкин: тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни тақиқлаш; жабрланувчилар билан алоқасини тақиқлаш; жабрланувчининг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини тақиқлаш; зиммасига жабрланувчини даволаш, унга маслаҳат бериш, маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклаш; тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролни (бундан хизмат қуроли мустасно) сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши ёки унда кўрсатилган муддат даврида чеклаш ёхуд тақиқлаш, шунингдек, қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини тақиқлаш.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 19 майдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ҳудудларда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг жойлардаги филиаллари ташкил этилди.

Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 257 нафар оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар жойлаштирилди.

Зўравонлик ва тазйиққа учраган 29 минг 541 нафар хотин-қизга «Ҳимоя ордери» берилди (10 минг 343 таси жисмоний, 72 таси жинсий, 146 таси иқтисодий, 13 минг 940 таси руҳий, 5 минг 353 таси тазйиқ ҳолатларини ташкил этган). Ҳимоя ордери берилган оилаларда олиб борилган профилактик ишлар натижасида 15 минг 485 оила яраштирилди, 11 минг 370 оилада низолар бартараф этилди.

Шунингдек, Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотга кўра, 2021 йилда 2071 нафар хотин қизларга “Ҳимоя ордери” берилган бўлиб, энг кўп Фориш туманида 425 тани ташкил этмоқда. Кейинги ўринларда Шароф Рашидов тумани (372 та), Зомин тумани (276 та) ва Жиззах шаҳрида (231 та) дан иборат бўлган.

2020 йилда эса “Ҳимоя ордери” 821 та хотин-қизга берилган. Уларнинг 8 нафари вояга етмаганлар ҳисобланади.

Аксарият зўравонлик ҳолатлари энг кўп оилада содир бўлаётганлиги қайд этилиб, 1352 та ҳолатда эркакнинг зўравонлигидан ҳимоя қилиш мақсадида берилган. Тазйиқ ва зўравонлик турлари солиштирилганда, ҳам руҳий, ҳам жисмоний озор етказилганлиги маълум бўлмоқда.

 

Ҳозирги кунга қадар минг нафардан зиёдроқ тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс ҳимоя ордери талабларини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

Хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича инспекторлар мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда маҳаллаларда уйма-уй юриб, аҳолининг ташвиш ва муаммоларини ўрганиш асосида оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, бу борада уларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Хусусан, ўтказилган тадбирлар давомида 134 мингга яқин хонадонда бўлиб, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит ўрганилди.

Жойларда профилактика инспекторлари ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлинмаси ходимлари низоли оилага ҳимоя ордерини беришдан олдин уни ҳар томонлама ўрганади, психологлар ёрдамида муаммосини ҳал этишга ҳаракат қилади.

Оиладаги жабрланган аёлнинг хавфсизлигини таъминлаш зарурати вужудга келганда ва муаммо ҳал этилмаган тақдирдагина ҳимоя ордери берилади.

Оилалардаги муҳитни соғломлаштиришда маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари билан ҳамкорликда 7,6 мингдан ортиқ оиланинг нотинчлигига барҳам берилиб, 2 минг 826 ажримнинг олди олинди.

 

Муаммо, унинг сабаблари  ва ҳал қилиш усуллари

Маиший зўравонлик нима? Маиший зўравонлик - бир инсон ўз умр йўлдошини тотал назорат остига олиб, ўзаро муносабатларда тўлиқ ҳукмронлик қилишга уриниши. Жисмоний зўравонлик жисмоний жароҳатларга олиб келади ва баъзи ҳолатларда ҳаёт учун хавф туғдиради.

  • Аёлга қўл кўтарилади, калтакланади, жисмоний зўравонлик ишлатилади.

Ахлоқий зўравонлик - ўз "ўлжаси" устидан ҳукмронлик ўрнатишнинг самарали усули. Бу кўпинча ташқаридаги одамлар учун кўринмайди.

  • Аёл таҳқирланади, танқид қилинади, унга, фарзандларига, қариндошларига зиён етказиш билан таҳдид солинади, доим назоратда бўлади, барча тадбирларда кузатилади, баъзан шахсий буюмларигача йўқ қилинади.

Молиявий ҳолатини суиистеъмол қилиш - бу зўравонга ўз "ўлжаси" устидан назорат ўрнатиш учун молиявий воситалардан фойдаланиш имконини берувчи маиший зўравонлик тури.

  • Мустақил даромад топишни тақиқлаш (ишлашга рухсат бермаслик), амалга оширилган харидлар ҳақида тўлиқ ҳисобот бериш, болаларни таъминлаш учун алимент тўламаслик, озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар учун пул бермаслик.

Маиший зўравонликка қарши қандай курашиш мумкин? Бунга қарши ёлғиз курашиб бўлмайди. Қўрқиб яшовчи, руҳий жиҳатдан эзилган зўравонлик қурбони аниқ ва "шафқатсиз" қарорлар қабул қилиш ҳолатида бўлмайди. Бу ерда нафақат яқинлар, балки давлат томонидан ҳам қўллаб-қувватлаш керак бўлади. Зеро зўравонлик, энг аввало, шахсга қарши жиноят, шахсий эркинлик ҳуқуқларининг бузилишидир.

Бутун дунёда бу каби жиноятлар профилактикаси бўйича катта тажриба, махсус қонунчилик меъёрлари ва бундай кишиларни реабилитация қилишга доир стандартлар  мавжуд. Ўзбекистонда ҳам бу нормалар ривожланмоқда. Президент қарорига (№3827) мувофиқ, Адлия вазирлиги Республика Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда Оилавий зўравонлик тажрибаси тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Мамлакатимизда бундай  зўравонлик тушунчаси биринчи марта қонун доирасида белгиланади. Қонун ҳимоя механизмлари, тақиқловлар, чора-тадбирлар, процессуал кафолат кабиларни татбиқ қилишга йўналтирилади.

Республика реабилитация ва шахслар адаптацияси марказида зўравонликдан азият чеккан кишиларга ёрдам кўрсатилади. Профилактика ишлари билан эса Бош прокуратура, ИИВ, Таълим вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси шуғулланади.

Индамай юрманг! Зўравонликка қарши курашда ҳуқуқий механизмлар таъсири бўлса, яхши, албатта. Бироқ зўравонлик қурбонлари асосан "индамаслар" эканини ҳам унутмаслик керак. Шундай экан, уларни зўравонлик фактини тан олиш, зўравонликдан нормал ҳаётгача бўлган қадамларга ўргатиш керак. Бунда энг асосий звено одамлар ва атроф-муҳит бўлади. Халқ орасида кўп айтиладиган "урадими, демак - севади" деган тушунчага умуман ўрин бўлмаслиги керак. Психологларнинг фикрича, бир марта қўл кўтардими, бу ҳолат яна такрорланиши мумкин. Зўравонликка имкон бериш керак эмас. Калтак ва ҳақоратлардан азият чекаётган аёл "Сабр қил!" эмас, "Биз сенга ёрдам берамиз!" деган гапни эшитгиси келади. Ҳатто баъзи сабабларга кўра ёрдамдан воз кечаётган аёл ҳам ёрдамга муҳтож бўлади. Яқинларингиз, таниш аёллар, дугоналарингиз ёки болаларда калтакланиш изларини кўрсангиз, индамай юрманг!

Болалар хавф остида. Болалар – маиший зўравонликда алоҳида мавзу. Улар зўравонликнинг тўғридан-тўғри қурбони бўлиши билан бирга, онага нисбатан қўлланаётган хатти-ҳаракатларнинг маълум қисмини ўзлаштириши ҳам мумкин. Бундай оилада боланинг реалликни қабул қилиши бузилади, зеро, у учун ҳақорат ва калтаклар аста-секин нормал ҳолатга айланиб боради. Катта бўлгач, унинг ўзи ҳам ана шундай зўравонлик хатти-ҳаракатларини қўллаши мумкин ёки шунчаки бундай "юк"ни кўтара олмайди ва бу кўпинча ўз жонига қасд қилиш билан тугайди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, оилавий зўравонлик жуда кенг ва комплекс муаммо ҳисобланиб, ҳудди шундай кенг ва комплекс ечимни талаб қилувчи иллатдир. Юқорида келтирилган мутахассислар фикри ва бошқа маълумотлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу иллатнинг пайдо бўлиш сабаблари чуқур тадқиқ қилиниши, унинг ечими бўйича таклифлар инобатга олиниши ва давлат томонидан амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларнинг ўз самарасини беришидан умидвормиз.

Зеро, Сайёра каби аёлларнинг тақдирлари бугун жамиятимиздаги ҳар бир инсонни сергак тортиш билан бирга, аёлларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш лозим.

Ҳакимжон Фозилов – Sangzor.uz сайти бош муҳаррири

скачать dle 12.0
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?Илтимос
матнни белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг
Комментарии (0)
Биз
[rating-type-4]
[/rating-type-4]
Топ мақолалар
Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик бартараф этилмагани сабабли ушбу автомобиль онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди....
31.07.24
300
0
Алимент суд жараёнида тўлаб берилди Алимент суд жараёнида тўлаб берилди
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг  қарздор Р.К дан ундирувчи М.А фойдасига вояга етмаган фарзанди...
31.07.24
229
0
18+ Цена jizzaxcity.uz Яндекс.Метрика