Тошкентда оқова сувлардаги чиқиндилар ҳажми ортиб бормоқда — «Ўзсувтаъминот»
Канализация тизимига чиқарилган чиқиндилар ҳажми йил сайин ортиб бормоқда, деб хабар беради «Ўзсувтаминот» компанияси. Шу сабабли коллектор блокировкалари ва канализация тизимидаги бахтсиз ҳодисалар тез-тез учрамоқда. Тошкентнинг оқава сувларида озиқ-овқат қолдиқлари, бутилкалар, кийим-кечаклар, тагликлар ва ҳаттоки саноат чиқиндилари топилади.
Йил бошидан буён Тошкентдаги оқова сувларда ушлаб қолинган маиший чиқиндиларнинг умумий ҳажми 292 тоннани ташкил этди, дея хабар берди «Ўзсувтаъминот» компанияси матбуот хизмати.
2017 йилда бу кўрсаткич 110 тоннани, 2018 йилда — 182 тоннани, 2019 йилда — 164 тоннани ташкил этди. «Бундан келиб чиқадики, ҳар йили канализация тизимига ташланадиган маиший чиқиндилар ҳажми кўпаймоқда», — дейилади «Ўзсувтаминот» матбуот хизмати хабарида.
Пойтахтнинг оқова сувини тозалайдиган Бўзсув, Салар ва Бектемир аэрация станциялари ҳар куни Қорақамиш ва Жануби-Ғарбий коллекторлардан 630 минг кубометр сувни қайта ишлайди.
Чиқиндилар орасида маиший чиқиндилар ҳам бор — аҳоли томонидан канализацияга ташланган озиқ-овқат қолдиқлари, елим бутилкалари, кийим, тагликлар ва саноат чиқиндилари, шу жумладан, тўқимачилик корхоналари қолдиқлари ва паррандачилик фабрикалари чиқиндилари.
Канализация тизимидаги бузилишларнинг аксарияти маиший чиқиндиларнинг ҳожатхонага ва канализация тизимига ташланиши билан боғлиқ, дея тушунтирди «Ўзсувтаъминот». Бу коллекторларнинг тиқилиб қолишига ва канализация тизимидаги аварияларга, келажакда эса ҳудудларда санитария ҳолатининг ёмонлашишига ва атроф-муҳитнинг ифлосланишига олиб келади.
«Ўзсувтаъминот» канализация тизимидан фойдаланиш қоидаларини эслатиб ўтди. Қум, гипс, цемент, металл, тола, тупроқ ва қурилиш материаллари ҳожатхонага ёки қудуққа ташланмаслиги керак.
Турли кислоталар, ишқорлар, мойлар, эримайдиган ёғлар, смола, мазут қувур деворларини йўқ қилишга ёки оксидланишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, ишқорлар, бензин, керосин, фармацевтика ва гигиена воситалари (айниқса, болалар тагликлари), полиетилен пакетлар, озиқ-овқат чиқиндилари ва латталарни ташлаш мумкин эмас.