Тахминга таяниб жиноятга қўл урган фуқаро (видео)
Сўнгги пайтларда айрим фуқаролар томонидан самосудлар уюштирилаётгани қулоққа чалиниб қолаётир. Худди шундай, қонун посбонларининг хизмат вазифаларини бажаришларига ҳалақит қилиш, қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ҳам кузатилаётир. Аҳолининг тинчлигини асраш учун кечаю кундуз меҳнат қилаётганларнинг фаолиятига бундай муносабатда бўлиш қанчалик тўғри? Жорий йилнинг 7 августида Зарбдор тумани, Тошкесган қишлоқ фуқаролар йиғини, Янгибоғ кўчасида истиқомат қилувчи Обид Яхшилиқовнинг хонадонида ёнғин содир бўлди. Туман ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан олов ўчирилди, табиийки, фуқарога моддий зарар етган. Обид Яхшилиқов ёнғин қасддан содир этилганлигига оид тахмин асосида айбдорга нисбатан жазо кўрилиши юзасидан бир қатор ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига мурожаат этган.
Шу боис, холатни холис ўрганиш юзасидан Зомин тумани ички ишлар бўлими ходими жалб этилди. Ушбу ходим 2019 йил 29 май куни Зарбдор тумани, Тошкесган қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Юлдуз Шодиевани Зомин тумани ички ишлар бўлимига холис сифатида бориши лозимлигини билдириш учун келади. Айни шу пайтда Юлдуз Шодиева яшайдиган хонадонда Обид Яхшилиқов пайдо бўлади ва ички ишлар ходимидан Юлдуз Шодиевани безовта қилмасликни талаб қилиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатларининг амалга оширилишига тўсқинлик қила бошлайди.
Яъни, ходимга чап қош кесилиши, икки қўли ва елкаси шилиниши кўринишида тан жароҳати етказади. Шундан сўнг Обид Яхшилиқовга нисбатан прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 219-моддаси, 2-қисмида белгиланган, яъни, ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш айбижиноий иш қўзғатилди. Айни вақтда у ҳибсда ушлаб турилибди.
Нима бўлганида ҳам Обид Яхшилиқов суд ҳукмига асосан қонунда белгиланган жазони олиши тайин. Шуни унутмаслик керакки, қонунга қатъий амал қилибгина, ҳақ-ҳуқуқларимизни рўёбга чиқара оламиз. Ҳуқуқий меъёрларга зид хатти-ҳаракатлар эса кимларнингдир азият чекиши, манфаатларига зиён етишига сабаб бўлади.
Жиззах вилояти ИИБ Ахборот мультимедиа гуруҳи.