Шароф Рашидовнинг сирли вафоти

Шароф Рашидовнинг сирли вафоти
Ҳодисалар / Жамият
19:38, 03 декабрь 2018
2 214
0
Шароф Рашидов кундузи Хоразмда юзлаб одамлар билан мулоқотда бўлиб, кечқурун Нукусда тўсатдан вафот этиши шубҳали. Унинг ўлими ХХ аср сирларидан бири бўлса керак. ЎзА Анвар Тожиевнинг бу билан боғлиқ хотираларини эълон қилди.

1982 йили шўролар давлатининг раҳбари Леонид Брежнев 76 ёшда вафот этди. Унинг атрофидаги мункиллаб қолган сафдошлари ҳам бирин-кетин ўтди. Ҳокимиятни қўлга олган давлат хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Андропов бошқарув аппаратини тезлик билан тозалаб, атрофига ўзига садоқатли собиқ чекистлар (Алиев, Шеварднадзе)ни тўплай бошлади. Узоқ йиллар мамлакат бошқарувида иштирок этиб келган Криленко, Романов, Кунаев, Шербицкий ва бошқалар лавозимдан четлаштирилди. Навбат Шароф Рашидовга етиб қолган эди.

Ўзбекистон жиддий тараққий этган республика бўлиб, ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспортга мол чиқаришдан тушадиган даромад бўйича шўролар тизимида 2-ўринда (Россиядан кейин) эди. Ўзбекистон пахта етиштиришда дунёда 2-ўринга чиқиб олганди.

Айни вақтда республикамиз аҳоли бошига ўртача даромад ва бошқа муҳим кўрсаткичлар бўйича иттифоқдош республикалар ичида 11-14-ўринларни эгалларди. Болтиқбўйи республикаларининг умум иттифоққа қўшадиган ҳиссаси арзимас бўлса ҳам, уларда аҳолининг ҳаёт даражаси Европа мамлакатлари даражасида эди. Буни юқори мансабдаги барча давлат раҳбарлари яхши биларди. Тошкентда метро қурилиши Шароф Рашидовнинг шахсан ҳаракати туфайли амалга оширилганини ким билмайди? Москвадаги амалдорлар республика маблағи ҳисобига қурилган Санъат саройини «Ўзбекистонда бунақа бино эллик йилдан кейин қурилиши керак эди» деган эдилар. Ваҳоланки, бундай ҳашаматли иншоотлар марказ ажратган маблағ ҳисобига бунёд этиларди.

Москванинг Марказий Осиё республикаларида аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган бирорта ҳукумат қарори ёки тадбири бўлганини ҳеч ким эслолмайди. Аммо, бу ерларда (ҳамма ердаги каби) юз берган салбий ҳолатлар (данғиллама тўйлар, порахўрлик ва жиноятчилик) ўша даврнинг олд нашрлари «Правда», «Советская культура», «Труд» газеталарининг шов-шувли мақоласига айланарди.

Республикага қарши хуруж, биринчи навбатда, Шароф Рашидовга қарши қаратилган эди. Чунки бу одамнинг мамлакатда ва хориждаги мавқеи жуда баланд эди. Шароф Рашидовга қарши ҳужум учун сабаб қидирилар эди.

Ўзбекистондан чиққан бир гуруҳ «ватанпарварлар» пахта терими қизғин кетаётган бир пайтда тўсатдан «қўшиб ёзиш», «пахтани момиқ ҳолига келтириб, давлатга топшириш» каби ғоялар билан марказий газеталарда («Правда») мақолалар эълон қилди.

Шароф Рашидов мақолани ўқиб, анча хафа бўлган эди. Ўша вақтда у киши: «Аввал пахтани териб олиш керак-ку! Эртага ёғингарчилик бошланса, унда нима қилиш мумкин? Аввал ҳамма кучни ҳосилни тўла йиғиб олишга қаратиш керак. Пахтани қайта ишлаш ишлари келгуси йил май июнь ойигача давом этиши мумкин. Баъзи одамлар бироз шошилиб қолган кўринади. Вақти-соати билан давлатга момиқ топширадиган вақт келади. Ҳозир ҳосилни йиғиб олишимиз керак!» деган эди.

Бу гап 30-октябр куни, Хоразмдан Қорақалпоғистонга борар йўл устида, журналистлар билан суҳбат вақтида бўлган эди. Тақозони қарангки, Шароф Рашидов шу ибораларни айтганларидан 5-6 соат кейин вафот этганлар.

У кишининг вафоти билан боғлиқ бир неча ҳолатни ёдга олайлик.

29 октябрь куни собиқ СССР ҳукумати бошлиғининг биринчи ўринбосари Г.Алиев бошчилигидаги делегация Вьетнамга кетаётиб, Тошкентда тўхтади. Ўша пайтда Хоразмда пахта теримини ташкил этиш билан машғул бўлган Шароф Рашидов Тошкентга етиб келиб, делегацияни кутиб олди. Делегация Ўзбекистонда бир кеча дам олиб, 30-октябр куни Вьетнамга учиб кетди.

30 октябрь куни эрта тонгда Шароф Рашидов Г.Алиевни кузатиб, иш ўрнида, Марказқўмда Финландия делегацияси билан суҳбат қилди.

Суҳбат тугагач, Шароф Рашидов ҳовлига чиқди, якшанба куни эди ўшанда. Марказқўмда ҳеч ким йўқ, фин делегацияси билан банд кишиларгина бор эди. У киши йиғилганларга: «Ҳозир Хоразмга учаман. Бугун соат 12 да Урганчда вилоят пахта топшириш режасини биринчи бўлиб бажарганига бағишланган митинг бўлади. Хоразмликлар катта қўшимча мажбурият олмоқчи. Митингдан сўнг, Қорақалпоғистонга ўтаман. У ерда терим суръати бироз паст. Бир неча кун у ерда бўлишга тўғри келади» деганлари ҳамон хотирамда.

Шароф Рашидов ҳамма билан хайрлашиб, машинага ўтириб, аэропортга жўнаб кетди. Ўшанда бу сўзлар бу инсоннинг сўнгги сўзлари эканини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Шароф Рашидов Урганчда бўлган митингда иштирок этиб, хоразмлик пахтакорларни катта меҳнат ғалабаси билан қутлаган. Кейин Ўзбекистон бўйлаб сафар қилаётган Куба элчиси билан суҳбат қилган. Куннинг иккинчи ярмида эса Нукус томон жўнаб кетган. Айтишларича, у ерда кечга яқин Шароф Рашидовнинг мазаси бўлмаган. Тошкентдан, Москвадан чақирилган шифокорлар у кишини асраб қололмаган.

1 ноябрь куни эрта тонгда Шароф Рашидовнинг бевақт вафот этгани ҳақида дастлабки хабар пайдо бўлди. Хоразмда юзлаб халқ ва журналистлар билан мулоқотда бўлиб, кечқурун Нукусда тўсатдан вафот этишининг ўзи шубҳали. Юқори малакали шифокорларни якшанба куни ярим кечада Москва ва Тошкентдан топиб, Нукусга етказиб келишнинг ўзи бўладими?

Шароф Рашидовдан сал аввал Беларусь раҳбари, уруш ва меҳнат қаҳрамони, белорус халқининг суюкли фарзанди Машеров ҳам Минскдан узоқда (Брест йўлида) тўсатдан автоҳалокат оқибатида ҳалок бўлганди...
скачать dle 12.0
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?Илтимос
матнни белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг
Комментарии (0)
Биз
[rating-type-4]
[/rating-type-4]
Топ мақолалар
Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик бартараф этилмагани сабабли ушбу автомобиль онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди....
31.07.24
303
0
Алимент суд жараёнида тўлаб берилди Алимент суд жараёнида тўлаб берилди
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг  қарздор Р.К дан ундирувчи М.А фойдасига вояга етмаган фарзанди...
31.07.24
231
0
18+ Цена jizzaxcity.uz Яндекс.Метрика