Уч миллионлик сўкиниш
Тилига эътибор бермайдиган, маҳаллада «сўконғич» номини олган Эшмат ака номидан Тошкентдаги тиббиёт муассасаси раҳбариятига миннатдорчилик хати:
«Яқин-яқингача тилим чатоқ эди. Тўғриси, тузалишимга кўзим етмасди. Лекин оёқ синиши сабаб, ўзгардим. Йўқ, у оёқ меники эмас қўшнимиз Болтавойнинг ўғли – Тешавойники. Хуллас, ўша бола бир куни маҳаллада велосипед учиб, кўлмакдаги сувни менга сачратиб ўтганида орқасидан роса сўкдим. Табиийки, танасининг турли аъзолари ёқимсиз ҳолатга келиб қолиши билан боғлиқ «тилак»лар ҳам билдирдим. Қарангки, улар орасида айнан «оёғинг синсин» деганимга фаришталар омин деб, салдан кейин бола шифохонага ётқизилди. Ота-онаси: «сенинг қарғишинг тегди, энди ўзинг оёққа турғазасан», деб бўйнимдан олди. Сўконғич бўлганим билан ўлгудек қўрқоқман. Рози бўлдим.
Кассага икки миллион сўмга яқин пул тўлаганимда, бошдан оёқ ўзимни хўп сўкиб ва «тилак»лар билдирдим. Ғалати бўларкан. Ўтган-кетганлар балки адашаётгандирсиз, ўз-ўзингни эмас, бировни тилга олмоқчидирсиз, дегандек қарашди. Мен эса, ҳеч қандай англашилмовчилик йўқ. Йўналиш тўғри, демоқчи бўлдим.
Хуллас, операция бўлди. Билсам, оёқ устида «ижод» қилган дўхтирларга алоҳида қўл ҳақи ҳам берилар экан. Унга ҳам бир миллион сўм тўлагач, фавқулодда овозим пасайиб кетди. Тилимни ҳам ютвордим ҳисоб. Энди сўкинмасдим.
Қадрли шифокорлар! Ҳозирда, Тешавой чопқиллаб юрибди. Мен ҳам жим. Иккаламизни даволаганингиз учун катта раҳмат. Лекин биров сўккани учун эмас, шунчаки шикастланган қанчадан қанча бемор нарҳ-навонинг қимматлиги сабаб, оқсоқланиб юргани аянчли. Агар кассага тўланадиган пул миқдорини камайтириш имкони бўлмаса, «суюнчи» ставкасини сал пасайтириш ёки умуман йўқотиш ҳақида бир ўйлаб кўринглар. Қайтиб сўкинишга мажбур қилманглар, илтимос».
Тўлқин Жуманазаров