5 тилни билган полиглот ўзбек қизи (фото)
Нозимахон ЗОКИРОВА, Токио шаҳри (Япония):
— Андижоннинг Булоқбоши туманида туғилдим. Лицейда ўқиб юрган пайтларим инглиз тили марказига қатнай бошладим. Бу тилни тез ўзлаштираётганимни кўрган курсдошларим “Қачон чет элга ўқишга кетасиз?”, деб ҳазиллашиб қўйишарди. Ҳазиллар чинга айланиб, Япониянинг Фукуока префектурасида жойлашган Осиё тинчлик университетининг халқаро муносабатлар факультетига грант асосида ўқишга кирдим. Биринчи кунданоқ билдимки, бу ерда дарслар инглиз тилида ўтилгани билан япон тилини билмаган одамга қийин бўлади. Шунинг учун япончани ўрганишга киришдим.
Бошида уни ўзлаштириш имконсиздек туюлди. Икки хил алифбо ва бизга умуман ёт иероглифларни эслаб қололмай, қийналдим. Соатлаб ўқисам ҳам натижа бўлмасди. Орадан олти ой ўтибгина япон ва ўзбек тили аслида бир-бирига ўхшаш эканини тушуниб етдим. Ҳамма гап тилнинг мағзини чақиб ўрганишда экан. Бора-бора япончада бемалол гаплашадиган бўлдим.
Таҳсил борасидаги мақсадларим ўзгариб, Токио Халқаро университетига ўқишимни кўчирдим. Ишонасизми, шу олий ўқув юртида ўтказилган япон тили нотиқлиқ санъати беллашувида хорижлик талабалар ўртасида 1-ўринни эгалладим. Бунинг ортида 3 йиллик тинимсиз меҳнат ётганини мени олқишлаб турганлар билса эди, деб ўйлаганман, ўшанда.
Япон тили бўйича JLPT тестида N1 (энг юқори) баҳони қўлга киритиб, қарасамки, университетдаги ҳамма япон дарсларини тугатиб бўлибман. Кейин янги тилни ўрганишга киришдим.
Илмий тадқиқотлар ҳам шуни исботлаган – агар киши 2 тилни яхши ўрганиб олса, 3-тилни ўзлаштириш осон кечади. Менда ҳам шундай бўлди. Турк тилини ўрганишда қарийб қийинчилик сезмадим. Қолаверса, турк дўстларим кўп бўлгани сабаб борган сари бу гўзал тилга қизиқишим ортди. Мустақил равишда китоблар, шеърлар, блог-постлар ўқий бошладим. Ўқишни тугатар чоғим инглиз, япон, турк тилларини мукаммал билиш даражасига етдим.
Ҳозир веб-маркетинг ва ахборот технологиялари йўналишида фаолият кўрсатувчи Vantage Management компаниясида халқаро маркетинг маслаҳатчиси лавозимида ишлаяпман. Корхонамиз, асосан, хорижлик мижозлар билан ишлагани боис барча ўрганган тилларим асқотмоқда. Компаниямиз президенти баъзан мени мақтаб “Ўзбекистонда ҳамма кўп тил биладими?”, деб сўраб қўяди.
Айни кунларда араб тилини ўрганиш билан бандман. Яқин икки йил учун мўлжаллаган режам араб тилини яхши ўрганиш ва Ўрта Шарқ мамлакатлари билан иш юритиш.
Нозимахондан 3 тавсия:
1. Тил ўрганиш каттароқ мақсадлар — таҳсил, карьера ва ҳоказолар учун калит бўлиши керак.
2. Аввал тил пайдо бўлган, сўнгра ёзув. Демак, аввал гапиришдан бошлаб, сўнг ёзув ва мисоллар орқали билимни мустаҳкамлаш ўринли. Ҳар куни 15-30 дақиқани ўрганаётган тилингизнинг грамматикасини билишга, 15-30 дақиқани эса ёд олган қоидаларингизни амалда қўллашга сарфланг, камида 3-5 вароқ чет тилидаги китобларни ўқишни канда қилманг.
3. Кўтаринкилик билан ўрганилган маълумотлар яхшироқ қабул қилинади. Маза қилиб тил ўрганиш йўлларини қидиринг.
Манба: Darakchi.uz