Адолат ва демократия
Бугунги кунда юртимизда биз адолат ва демократия тамойилларга асосланган Янги Ўзбекистон давлатини, эркин фуқаролик жамиятини барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда давлат ва жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда инсон қадри ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг юртимиз ва жаҳон минбарларида билдириб келаётган фикрларини таҳлил қилиш ислоҳотлар йўналиши, унинг келажагига объектив баҳо бериш учун муҳим ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида илгари сурилган ғоялар ва ташаббуслар мазмун-моҳиятини ўрганиш ҳамда кенг жамоатчиликка етказиш катта аҳамиятга эга.
Маълумки, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Ню-Ёркда БМТ Бош ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий дебатларида нутқ сўзлаган юртимиз етакчиси Ўзбекистондаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида ҳам фикрларини баён қилиб ўтди. Хусусан, мамлакатимиз "Инсон қадри ва манфаатлари учун" деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бораётгани таъкидланди.
Бу ўринда шуни қайд этиш лозимки, жорий йил апрел ойида миллий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи янгиланган Конституция бўйича Ўзбекистонда умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Референдумда овоз берганларнинг 90 фоиздан зиёди ушбу чинакам халқ Конституциясини қўллаб-қувватлади. Шу тариқа ислоҳотларимизнинг ортга қайтмайдиган муқаррар тус олиши таъминланди. Биз Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқатимизни яна бир бор тасдиқладик. Мана шундай ҳуқуқий асосда "Ўзбекистон-2030" тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Бу стратегия Бирлашган Миллатлар ташкилотининг "Барқарор ривожланиш мақсадлари"га уйғун ҳисобланади.
Албатта, бу рақамлар ва натижалар ортида тинимсиз, тизимли меҳнат ётибди. Кейинги мақсад ва вазифалар ҳам ўз миқёси билан ажралиб туради. Жумладан, бош мақсад – 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини яна 2 баробарга оширишдир. 2030 йилгача камбағалликни 7 фоизга тушириш режа қилинган. Ўз навбатида 2030 йилга қадар ҳар бир боланинг боғчага қатнаши, мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади. 2030 йилга қадар даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш асосий мақсад қилиб олинмоқда. Бунда келгуси етти йилликда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, экспорт ҳажмини 2 баробар ошириш ва экспортчи корхоналар сонини 6,5 мингтадан 15 мингтага етказиш, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 3,3 баробар кўпайтириш, Европа давлатларига ГСП+ ва бошқа тизимлар доирасида тайёр ва технологик маҳсулотлар экспортини кенгайтиришдек муҳим вазифалар қўйилган. Келгусида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш кўрсаткичининг 25 фоиздан юқори бўлиши таъминланади.
Шуни айтиш жоизки, бугун мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг бош мезони — адолатлилик, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устунлигини таъминлашдир. Ўз навбатида, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда. Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш асосий мақсаддир.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Янги Ўзбекистоннинг бунёд этилиши бутун дунёда қарама-қаршиликлар, геополитик курашлар кескинлашган, халқаро муносабатлар тизимида фундаментал ўзгаришлар юз бераётган бир шароитда амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг қадрини янада оширади.
Бу жиҳатдан нутқда халқаро сиёсатдаги сўнгги ўзгаришларга давлатимиз раҳбари томонидан бериб ўтилган баҳо аҳамиятлидир. Жумладан, етакчимиз халқаро муносабатлар тизимида жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилаётгани, бунинг оқибатида глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар, халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучайиши кенг кўламли кескинлик ортишига сабаб бўлаётганига эътибор қаратди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, мамлакатимиз етакчиси томонидан глобал ва минтақавий муаммоларга жавоб сифатида илгари сурилган ташаббуслар бу борада алоҳида таъкидга лойиқ. Жумладан, умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган "Самарқанд бирдамлик ташаббуси", сувдан рационал фойдаланиш бўйича ташаббуслар, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланишга доир ташаббуслар, иқлим ўзгаришига оид ташаббуслар алоҳида қийматга эга.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бунда асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборатдир.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги тарихий нутқи, маърузада ифодаланган ташаббуслар, илгари сурилган ғоялар Янги Ўзбекистонда адолат ва демократия тамойиллари асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳозирги тарихий туб бурилиш палласида юртимизда давлат сиёсати инсон қадри, манфаатлари учун амалга оширилаётганининг яна бир намойиши бўлди.
Санжарбек Расулов
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах шаҳар судининг раиси