Аҳолига Сити шарт эмас, сифатлироқ йўл қуриб бериш даркор
Ғаллаорол туманида Маржонбулоқ олтин кони бор. Олтин бойитиш фабрикаси ҳам шу ерда.
Маржонбулоқ олтин бойитиш фабрикасидан наридаги йўллар жуда ёмон ҳолатда. Фабрикадан то Самарқанднинг Пайариқ туманигача 15 тача қишлоқ бор. Келинг уларнинг номини бир-бир санаймиз.
Ғўбдин, аҳолиси 500 дан ортиқ;
Гумсой, аҳолиси 750-800 атрофида;
Хитаюз, аҳолиси 900 атрофида;
Ширинбулоқ, аҳолиси 500 дан ортиқ;
Толлисой, аҳолиси 1100 дан ортиқ;
Кичиксой, аҳолиси 1000 дан ортиқ;
Солин, аҳолиси 4000 дан ортиқ бўлиб, у бошқа қишлоқлар учун марказ вазифасини бажаради. У ерда ҳар сешанба куни Ойлобот бозори бўлади;
Каттасой, аҳолиси 1000 дан ортиқ;
Қўрғончол, аҳолиси 800 дан ортиқ;
Тўшбулоқ, аҳолиси 1000 дан ортиқ;
Довул, аҳолиси 1000 дан ортиқ;
Сапарбулоқ, аҳолиси 1000 дан ортиқ;
Нахрач, аҳолиси 1500 дан ортиқ;
Қайрағочли, аҳолиси 700 дан ортиқ.
Уларда яшовчи 16 мингга яқин аҳоли деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади.
Бу қишлоқлар орқали Лалмикор (Богарное) шаҳарчасига келишга 1 соатдан ортиқ вақт кетади. Йўлларнинг ёмонлиги одамларнинг кайфиятини ҳам ёмон қилади. Айниқса, ҳомиладор аёлларни туман марказига олиб келгунча бўлари бўлади. Енгил машина Солин қишлоғида Лалмикоргача 2-3 бора келса “ходовой”ини бошқатдан таъмирлашга тўғри келади.
Қизиқ, Маржонбулоқда яшайдиганларнинг бу йўлда юришга муносиб айби шу ерда туғилганлигими? Мамлакатга бойитиб берган олтиннинг пулига учта Тошкент Сити қуриш мумкин. Аҳолига Сити шарт эмас, сифатлироқ йўл қуриб бериш даркор.