Арнасойда “Илғор ҳудуд” лойиҳаси жадал суратларда олиб борилмоқда
Яхши маълумки, айни кунларда вилоятимизнинг барча туманлари марказларида “Илғор ҳудуд” лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ушбу тадбир аҳоли яшаш шароитларининг замон талабларига мосланиши, янги турар жойлар, корхона, муассаса, идора, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг барпо этилиши, мавжудларининг таъмирланиши билан аҳамиятлидир.
Арнасой туманида бўлганимизда хаёлимиздан кечган илк фикр шу мазмунда бўлди. Боиси, қайси жойга қадам қўймайлик, бунёдкорлик, яратиш ва янгиланиш руҳи ҳукмрон эканлигини сездик. Дарҳақиқат, арнасойликлар жорий йилда улкан мақсадларни амалга оширишга бел боғлашган.
Чунончи, бугунгача 1,2 километр узунликда табиий газ тармоқлари тортилиб, 4 та газ тақсимлаш ускуналари янгиланди. Соҳа вакиллари учун “Исузи” русумли автоулов ажратилди. Шунингдек, Арнасой шаҳарчасидаги 4 та маҳалла ҳудудида 18 километр узунликда сув қувурлари ётқизилиши режалаштирилган. Жорий йилда 6 километрлик оқова тармоғи тортиш, 2 сув насос станцияси қуриш, оқова биоҳовузи қурилиши кўзда тутилган.
Худди шундай, 20 километр узунликдаги эскирган электр тармоқларини янгиларига алмаштириш, 6 та трансформатор ҳамда 200 та бетон устунлар ўрнатиш ишлари жадаллик билан амалга оширилаяпти. Йўлсозлар ҳам зерикиб қолишгани йўқ. Улар томонидан Дўстлик - Олтин водий - Зафаробод - Гагарин йўли жорий таъмирланаяпти. 4 километр пиёдалар йўлаги қуриш, 2 километр йўл ёқасига лоток, 50 тунги чироқлар ўрнатиш каби бир қатор юмушлар бажарилмоқда. Айни шу мазмундаги тадбирлар туман ободонлаштириш бошқармасининг зиммасига ҳам юкланган.
Ҳудуддаги 41 та кўп қаватли уйларни ялпи таъмирдан чиқариш ишлари ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда. Эътибордан аҳоли томорқасини оқова сув билан таъминлаш, ижтимоий соҳа объектлари қуриш ва таъмирлаш четда қолмаяпти. Хусусан, Нуронийлар маскани, Бобур маҳалла фуқаролар йиғини, давлат хизматлари агентилиги, прокуратура ва мажбурий ижро бюроси, “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси, 100 ўринли тикувчилик цехи янги бинога эга бўлади. Арнасой тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази жамоаси учун жорий йил қувончли келиши шубҳасиз.
Таъкидлаш керакки, Арнасойда “Илғор ҳудуд” лойиҳаси республика Ички ишлар вазирлиги масъуллигида ҳаётга татбиқ этилмоқда. Соҳа вакиллари туманда бажарилаётган бунёдкорликка эш тадбирларга бош-қош, кўмакдош бўлишаётир. Шунингдек, бир қатор иншоотлар Ички ишлар вазирлиги ва вилоят ички ишлар бошқармаси маблағлари ҳисобидан барпо этилмоқда.
Қисқаси, арнасойликлар мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги нишонланадиган қутлуғ санада ўзлари яшаётган гўшанинг мутлақо янги қиёфага киришига ишонадилар. Ободликка уйғун ўзгаришлар, одамлар қалбини тўлдирган жўшқинлик уларнинг адашмаётганликларидан далолат.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот мультимедиа гуруҳи.