Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматинингхабар беришича, ўтган йилдан бошлаб ёзги таътил вақтлари Тошкент ва Анталия ўртасида Ўзбекистон ҳаво йўлларининг чартер рейслари йўлга қўйилиши қардош давлат Туркияга борадиган сайёҳлар қатновининг жадаллашишига сабаб бўлди. Биргина жорий йилнинг 23 май санасида 19 сентябрь санасигача Туркияга 57 та чартер ресй амалга оширилди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Ўзбекистон ҳаво йўллари ва Туркия ҳаво йўлларининг Тошкент, Самарқанд шаҳарларига ҳафтасига 18 та ҳавоқатнови йўлга қўйилган. Бундан кўринадики, таътил учун ўзбекистонлик саёҳатчилар йўл оладиган мамлакатлар орасида Туркия диёри пешқадамлик қилмоқда.
НEГА АЙНАН ТУРКИЯ?
Жаҳонда Туркия сайёҳларни жалб этиш бўйича Франция, АҚШ, Испания, Хитой ва Италиядан кейин олтинчи ўринда бормоқда. Аммо, турк расмийлари учун бу натижа қониқарли эмас, улар ўз сайёҳлари сонини янада кўпайтириш мақсадида туризмга тинимсиз эътибор қаратиб туради. Туркиянинг салкам 2 миллион кишиси туризм туфайли иш билан банд. Туркия-Ўзбекистон ўртасида ҳам расмий, ҳам дўстона алоқаларнинг йилдан-йилга кучайиб бораётганлиги, Ўзбекистоннинг Туркия туризм тажрибалари билан яқиндан танишиш ва уни амалда қўллашига замин яратмоқда. Хўш мамлакатимизда нега айнан Туркияга боришни истовчилар кўп? Турклар қандай қилибкишиларда бундай орзу пайдо бўлишига эришмоқдалар?
Бир сўз билан айтганда, Турк диёри нафақат қадимий ёдгорликлари, табиий гўзал табиати, антик руҳ уйғунлашган замонавий шаҳарлари билан, балки сайёҳларга бўлган хушмуомалик, эътиборлилик билан ажратиб туради.Туркияда туризм соҳасига тўсиқ бўладиган ҳар қандай кўринишларга қарши ҳукумат кескин чоралар кўриб келади. Бундан кўзланган мақсад, сайёҳлик бизнеси бўйича бешинчи ўринга чиқиб олишдан иборат. Сайёҳлик саноати ўз олдига 2023-йилга бориб мамлакатга ҳар йили ўртача 50 миллион сайёҳ келишини таъминлаш йўлида иш олиб бормоқда.
ТУРКИЯ ТУРИЗМ ТАЖРИБАСИ ЎЗБEКИСТОНГА НИМА БEРАДИ?
Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, айниқса, зиёрат туризми салоҳиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан 7 мамлакат фуқаролари учун виза тизимининг бекор қилиниши Ўзбекистонга бўлган қизиқишни янада оширди. Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишларида бир неча бор туризмни ривожлантириш борасида Туркия амалиётидан фойдаланиш ҳақида гапирган эди. Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг 2018-йил 29-30-апрел – 1-май кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи давомида ҳам бу масалага алоҳида тўхталинди.
Ўзбекистон Туркия билан ҳамкорлик алоқалари доирасида «ҳалол» ёрлиқли озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизмат турларини ривожлантирмоқда. Яқин-яқиндан минтақамизда туризм соҳасида ҳам «Ҳалол туризм» атамаси қўлланила бошлади.
«Ҳалол туризм» – бу оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп турар жойларда тунаб, сифатли, озода овқатланиш шоҳобчаларида таомланиш. Камчиқимликни хуш кўрувчи ва исрофдан ўзини тиядиган кишилар учун яратилган хизматдир.
Ўзбекистон Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг маълум қилишича, Туркия билан ҳамкорликда Тошкент яқинидаги Чорвоқ тоғли ҳудудида 12 ой узлуксиз туризм инфратузилмасини ташкил этишга тегишли келишувларга эришилган. Шунингдек, Тошкент, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларда меҳмонхоналар бунёд этиш мавзусида ҳам турк ишбилармонлари билан муштарак режалар тузганларини маълум қилди.
Ўзбекистон-Туркия муносабатлари доирасида биргина туризм соҳасида кўплаб йирик лойиҳалар амалга ошириш кутилмоқдаки, бунинг амалий натижаларини яқин йилларда бевосита кузатиш имкони туғилади.
Сабоҳат УЗОҚОВА
ЎзДЖТУ талабаси