Қонунчиликдаги янгиликлар
Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик фаолияти эркинлиги ва кафолатларини яратиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича кенг имкониятлар яратилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисдиётни ривожланишида тутган ўрни ва аҳамияти жуда муҳимдир. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз томонидан қатор фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 9 январдаги "Тадбиркорлик соҳасида мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда лицензия ва рухсат бериш тартиб таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-8-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу фармон қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик соҳасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб 16 та лицензия ва рухсатномалар бекор қилинмоқда.
Мазкур Фармон асосида 7 турдаги (ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини (тўлиқ ёки қисман) бошқа шахсга бериш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор, суғурталовчининг огоҳлантириш тадбирлари захирасидан молиялаштириладиган огоҳлантириш тадбирлари руйхатини келишиб олиш, божхона ташувчиларининг реэстрига киритиш, тураржойни ижарага беришнинг Ягона электрон реэстрига киритиш, автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш фаолиятини бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома, офталмология тиббий буюмларининг чакана реализацияси (оптика) бўйича фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик тўғрисида хабарнома, маданий бойликларни реализация қилиш бўйича фаолиятни бошлаганлик ёки тугатганлик ҳақида хабарнома) рухсат этиш хусусиятига эга хужжатлар ва рухсатномалар бекор қилинмоқда.
Бундан ташқари, 6 турдаги рухсат берувчи хужжатлар бирлаштириш йўли билан бекор қилинаётган бўлса, 3 та (туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензия (турагентлик фаолияти) ("Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти бундан мустасно"), архитектура-шаҳарсозлик хужжатларини ишлаб чиқиш фаолияти учун лицензия (объектларнинг мураккаблик тоифалари классификатори бўйича 1 тоифага мансуб лойиҳалар), юридик маслаҳат хизматларини кўрсатувчи тижорат ташкилотларининг реэстрига киритиш тўғрисида ариза) лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга хужжатлар хабардор қилиш тартибига ўтказилмоқда.
Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга қўлланилган жарима суммаси миқдорининг 50 фоизи ўн беш кун ичида, 70 фоизи ўттиз кун ичида ихтиёрий равишда тўланганда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилиши, лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш жараёнида видео алоқа воситалари ёрдамида талабгорларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб ва шартларига мувофиқлигини масофадан туриб баҳолаш тартиби жорий этилиши, тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда унинг почта манзили сифатида муассиснинг турар жойини кўрсатишга рухсат берилиши белгиланди.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларидан 2024 йилнинг 1-мартидан бошлаб туроператорлар учун фавқулодда ҳолатлар юзага келганда хавфни мажбурий суғурта қилиш тартибини жорий қилиш орқали «чиқиш туризми» йўналиши бўйича туризм фаолиятини амалга ошириш учун 15 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағларни Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш, туристик хизматларни сертификатлаштиришда жойлаштириш воситалари, тоғ чанғиси трассалари ва пляж хизматларини сертификатлаштириш учун аризага кўчмас мулкка доир ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатларни илова қилиш, юридик шахсларнинг транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жойларини Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгилаш, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш фаолияти фақат сайёр шаклда амалга оширилганда мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақидаги тартиб ва талаблар бекор қилинди.
Жонибек Тангматов
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах шаҳар судининг судяьси