25 минг доллар пора билан қўлга тушган Олий суд ходимига ҳукм ўқилди
Ҳодисалар
2003 йилдан Олий судда бўлим котиби, консультанти ва бўлим бошлиғи лавозимларида, 2015 йилнинг февраль ойидан эса Судларни ахборот-ҳуқуқий таъминлаш бўлимининг катта консультанти бўлиб фаолият олиб бораётган Алимардон Мардонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) раҳбарият топшириғига асосан фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш вазифаларини бажариб келаётган эди.
Шундай кунларнинг бирида А.Мардонов «Савдо ва маиший хизмат мажмуаси» юзасидан чиқарилган суд ажримидан норози бўлиб, шикоят билан Олий судга келган фуқаро Шокир Шамсиев билан танишиб, аввалига у билан ҳам бошқа мурожаатчилар қатори муносабатда бўлди. Аммо кейинчалик бинойидек ишлаб юрган катта консультант бировнинг муаммоси ортидан мўмайгина даромад қилиб олишни истаб қолди.
Гап шундаки, ўша куни Олий суд раисининг ўринбосари қабулига кириб, ариза топширган Ш. Шамсиевнинг мурожаати бўйича Олий суд томонидан Тошкент шаҳар кассация инстанциясининг фуқаровий даъвони ундириш хусусидаги ажримини бекор қилиш ҳақида протест келтирилгач, Алимардоннинг ҳаловати йўқолди. Негаки, мазкур протест асосида иш қонуний тартибда кўриб чиқилиб, асосли ва адолатли қарор чиқарилишини яхши тушуниб турган катта консультант даъвогарнинг бундай иш тажрибаси йўқлигидан фойдаланиб қолишни режа қилди. Айниқса, Ш. Шамсиев «Ака, сиз ҳам юристсиз, иш нима бўлади, қандай маслаҳат берасиз?» дея маслаҳат сўрагани Алимардоннинг иштиёқини ошириб юборди. У «мижози"ни алоҳида хонага таклиф қилиб, иш ҳолатлари юзасидан батафсил маълумот олгач, бу масалада танишлари орқали ёрдам қилишга ваъда берди.
Агар даъвогар кўча-кўйдаги бирор кишини ишга солиб, мана шундай масалаларга ечим топиши ҳақида гапирганида, бундай кимсаларга ишонганларнинг ўзини бироз қўполроқ бўлса-да, лақмаликда айблашимиз мумкин эди. Бироқ шундай лавозимда ишлаётган мансабдор шахсга кўпчилик осонгина лаққа тушиши турган гап. Шокир ҳам катта консультантнинг ёлғонларига чув тушишига бир баҳя қолди.
Бу масалада ҳеч ким билан гаплашмаган бўлса-да, жиноят ишининг фуқаровий даъвога оид қисмини ижобий ҳал қилиш ниқоби остида А.Мардонов «мижози» билан бўлган суҳбатларда уни ишонтириш учун кўчмас мулк бино-иншоотлари унга қайтарилишини ижобий ҳал қилиш юзасидан суддаги танишлари билан келишганлигини, 50 минг АҚШ долларининг баҳридан ўтса, иши хамирдан қил суғургандек битишини маълум қилади. Пулнинг чўғини эшитган Ш. Шамсиев бунча миқдордаги маблағга имконияти йўқлигини, пулнинг бир қисмини шериги М.Исроиловдан олиши лозимлигини билдирганида А.Мардонов ҳаммаси ишончли чиқиши учун «катта одам"лар билан ишни бундай ҳал этиб бўлмаслигини тушунтирган бўлиб, 25 минг АҚШ долларини дарҳол, қолганини иложи борича тез кунларда беришни тайинлайди.
Аввалига унга ишонган Шокир бора-бора Алимардоннинг фириб ишлаётганини англагандек бўлади, боз устига, суд ходимининг хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф эканлигини тушуниб, унинг жиноий фаолиятини фош этиш мақсадида тегишли жойга мурожаат қилади.
2017 йилнинг 20 январь куни унинг аризаси юзасидан Бош прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда А.Мардонов жабрланувчидан 25 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судининг ҳукми билан А.Мардонов 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, унга 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Аброр Арипов,
Бош прокуратура бошқарма АМИБ катта терговчиси
Манба: 7news.uz
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?Илтимос
матнни белгиланг ва Ctrl+Enter ни босингКомментарии (0)
Биз
[rating-type-4]
[/rating-type-4]
Топ мақолалар
Жиззахда кредитини тўлолмаган фуқаронинг Lacetti’cи аукционга чиқарилди
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорлик бартараф этилмагани сабабли ушбу автомобиль онлайн-аукцион савдоларига чиқарилди....
Алимент суд жараёнида тўлаб берилди
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг қарздор Р.К дан ундирувчи М.А фойдасига вояга етмаган фарзанди...