Сайт тест режимида ишламоқда.
Жиззах C
Сўнгги янгиликлар
» » Жиззахда бир қизнинг ўлимига сабаб бўлган аттракцион тўлиқ битмаган ҳолда олиб келиб ўрнатилган — Давлат қўмитаси

Жиззахда бир қизнинг ўлимига сабаб бўлган аттракцион тўлиқ битмаган ҳолда олиб келиб ўрнатилган — Давлат қўмитаси

16:41, 22.08.19
1 325
Ҳодисалар
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Истироҳат боғларида аттракцион қуришда хавфсизлик чоралари: муаммо ва ечимлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси мутасаддилари маданият ва истироҳат боғларида аттракционларни ўрнатиш тартиб-қоидалари, инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар учун аттракционларни импорт қилишда ишлаб чиқилган техник регламент ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, 16 та ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳудудларида мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғлари ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1845 та аттракцион хавфсизлик талабларига тўғри келиши аниқланган.

“Ўрганишлар натижасида 450 та аттракцион носозлиги сабаб вақтинча тўхтатилди, — деди қўмита раиси Бахтиёр Ғуломов. — Истироҳат боғларида аттракционларни соз ҳолатда ва бехатар ишлатилиши бўйича жавобгар шахслар аниқланган камчиликларни бартараф этмай ишлатишда давом этса, маъмурий жавобгарликка тортилади”.

Мулоқот давомида аттракционлар мамлакатимизга асосан Хитой давлатидан олиб келиниши, ўзимизда ҳам буюртма асосида ясалиши айтиб ўтилди.

Журналистлар Жиззахда истироҳат боғидаги фожиали воқеа учун ким жавобгар экани ҳақида савол берди.

“Жиззахдаги бахтсиз ҳодиса учун аттракционни сотиб олган тадбиркор ва боғ маъмурияти жавобгар, — деди Бахтиёр Ғуломов. — Аниқланишича, тадбиркор ушбу аттракционни Ўзбекистонда буюртма асосида ясаттирган. Тадбиркор ҳали тўлиқ битмаган аттракционни ўзим тугатволаман, деб олиб кетган. Ва алалоқибат гувоҳи бўлганимиздек, бахтсиз ҳодиса келиб чиқишига сабабчи бўлган”.

Мутасаддилар ҳар бир маданият ва истироҳат боғида биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт пункларида шифокор ва ҳамшира бўлиши шарт этиб белгиланганини билдирди. Ўрганишлар давомида 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмаслиги, 695 та аттракционда жавобгар шахс тайинланмагани аниқланган.

Республикамиздаги аттракционларнинг 1292 тасида техник паспорт мавжуд эмаслиги қайд этилди. 928 та аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас.

“Бугунги кунда инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар аҳолининг талаблари ва қизиқишларидан келиб чиқиб, баланд ва тезлиги юқори бўлган аттракционларни кўп миқдорда олиб кириб ўрнатишмоқда, — деди Бахтиёр Ғуломов. — Бундай аттракционларда учишда фуқаро ёки ўсмир боланинг руҳий-жисмоний ўзгаришларига, нохуш ҳолатларга фақатгина уларнинг ўзлари жавобгар бўлишади. Чунки инсон ўзининг саломатлиги ва жисмоний ҳолати нимани кўтара олиши ва қандай тезликка бардош бера олишини ўзи билади”.
скачать dle 12.0
Тeглар:



Тавсия этамиз:
Фикрлар:
Изоҳ қолдириш
Ўзбекистондаги мобил операторларнинг алоқа сифатини қандай баҳолайсиз?