Сайт тест режимида ишламоқда.
Жиззах C
Сўнгги янгиликлар
» » Марказий банк қайта молиялаш ставкасини ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк қайта молиялаш ставкасини ўзгаришсиз қолдирди

21:31, 26.01.19
60
Банклар
2019 йил 26 январь куни Марказий банк Бошқаруви қайта молиялаш ставкасини йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

МБ хабарига кўра, мазкур қарор пул-кредит сиёсатининг инфляцияни жиловлашга қаратилган йўналишини сақлаб қолиш, реал фоиз ставкалари ижобийлигини таъминлаш ва инфляцион кутилмаларни пасайтириш мақсадларига асосланган.

Қайд этилишича, 2018 йил якунлари бўйича инфляция даражаси йиллик ҳисобда 14,3 фоизни ташкил этди. Бунда, 2018 йилнинг декабрь ойида нархларнинг ойлик ўсиши ўтган йилнинг мос даврига (4,1 фоиз) нисбатан пасайиб 2,1 фоизни ташкил этди.
Шунингдек, 2018 йилнинг II–IV чораклари давомида чораклик инфляция даражасини 2017 йилнинг мос даврига нисбатан пасайиши кузатилган.

Айни пайтда, IV чоракда ички талабнинг юқори бўлиши, тартибга солинадиган нархларнинг ошиши ва алмашув курси динамикаси каби ҳам талаб ҳам харажат омиллари таъсирида иқтисодиётда юқори инфляцион босим сақланиб қолди.

2018 йил сентябрь ойида қайта молиялаш ставкасининг оширилиши билан бир қаторда пруденциал назорат чораларининг кучайтирилиши кредитлашнинг нархга боғлиқ ҳамда нархга боғлиқ бўлмаган шароитларини қатъийлаштириш ва якунда кредитлар ўсиш суръатини мақбуллаштириш имконини берган.

Мева ва сабзавотларини сақлаш инфратузилмаси яхшиланиши ҳисобига уларнинг нархларидаги мавсумий тебранишлар нисбатан паст бўлганлиги ҳамда ҳукумат томонидан бозорларни асосий истеъмол маҳсулотлари билан тўлдириш бўйича кўрилган чоралар, озиқ-овқат товарлари инфляциясини кескин ўсишининг олдини олишга ёрдам берди.

Ноябрь ойида энергия ресурслар нархлари оширилишининг 2018 йилги инфляция даражасига иккиламчи таъсири прогноз қилинган кўрсаткичлардан паст даражада бўлди. Бу, ўз навбатида, 2019 йилда ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши ҳисобига инфляцияни тезлашишига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, 2019 йилнинг январь ойидан нархларнинг солиқ тизимидаги ўзгаришларга (асосан ҚҚС базасининг кенгайтирилиши) олдиндан мослашиши амалга ошмади, бу бизнес вакилларида солиқ тизимидаги ўзгаришлар уларнинг молиявий фаолияти ва ишлаб чиқариш харажатларига таъсири хусусида ноаниқликлар сақланиб турганлиги билан изоҳланади.

Натижада, йиллик инфляция даражаси (14,3 фоиз) сентябрь ойидаги прогноз кўрсаткичга (16-17 фоиз) нисбатан паст бўлган.

2018 йилнинг октябрь-ноябрь ойларида аҳоли ва бизнес вакилларининг қисқа ва ўрта муддатли инфляцион кутилмалари тартибга солинадиган нархлар ўсиши шароитида ошиб борди. Декабрь ойида респондентлар томонидан янги йил байрамидан сўнг савдо фаоллигининг сусайиши тахмин қилинганлиги қисқа муддатли кутилмаларни тушишига сабаб бўлди.

Ўрта муддатли инфляцион кутилмаларда ҳам бироз пасайиш кузатилган бўлсада, ноябрь ойидаги энергия ресурсларнинг қимматлашиши ҳисобига инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолди.

Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилда иқтисодиётнинг реал ўсиш суръати 5,1 фоизни ташкил этди.
2018 йилнинг IV чорагида инвестицион, ишлаб чиқариш ва истеъмол фаоллиги учун қулай ички шароитлар сақланиб қолинди.

Мазкур даврда кредитлашнинг ўсиш суръатлари секинлашган бўлса-да, улар ўтган даврлардаги каби иқтисодиётнинг кредит маблағларини ўзлаштириш салоҳиятидан юқори бўлди.

Кредитлаш суръатларини ўсиши билан бир қаторда иш ҳақи миқдорини оширилиши ва давлат харажатларини юқорироқ ҳажмларда бўлиши ялпи ички талабни рағбатлантирувчи омиллар бўлди.

2018 йилнинг IV чорагида ялпи таклифнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ омилларида кескин ўзгаришлар таъсири кузатилмади. Айни пайтда, иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш салоҳияти, ошиб борувчи талабни тўлиқ қондириш учун етарли бўлмаганлиги сабабли, ички талабнинг маълум қисми импорт ҳисобига қопланган.

Билдирилишича, 2018 йил сентябрь ойи охирида қайта молиялаш ставкасини ошириш бўйича қабул қилинган қарор натижасида IV чорак давомида пул бозоридаги, шунингдек депозит ва кредит операциялари бўйича фоиз ставкаларида мос равишдаги ўсиш кузатилди.

Хусусан, 2018 йил декабрь ойида банклараро депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси III чорак билан солиштирганда 2,9 фоиз бандга ошиб, 14,2 фоизни ташкил қилди.

Ликвидликни жалб қилиш бўйича янги инструментларнинг жорий қилиниши ҳамда давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқарилиши пул-кредит сиёсатининг қатъийлаштирилишида операцион кўмак берди.

IV чоракда кредитлаш ҳажмининг ўсиш суръатлари ўтган чоракларга нисбатан секинлашган.
Муддатли депозитлар ўсиш суръати 2018 йил август ойидаги секинлашиш ва сентябрь ойидаги пасайишдан сўнг, IV чоракка келиб яна тикланган.скачать dle 12.0
Тeглар:



Тавсия этамиз:
Фикрлар:
Изоҳ қолдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Ўзбекистондаги мобил операторларнинг алоқа сифатини қандай баҳолайсиз?