Сайт тест режимида ишламоқда.
Жиззах C
Сўнгги янгиликлар
» » Ўзбекистон сайлов қонунчилигида ўзгаришлар юз беради

Ўзбекистон сайлов қонунчилигида ўзгаришлар юз беради

22:19, 16.02.19
96
Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис қуйи палатаси депутатларининг қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган ушбу лойиҳа Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Маълумки, бу йил мамлакатда муҳим сиёсий жараён — парламентга сайловлар йили бўлади. Ҳозирда мамлакат сайлов қонунчилиги 5 та қонун билан тартибга солинади. Бу эса, ҳуқуқни қўллашда бир қатор мураккабликлар туғдиради. Бундан ташқари, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларининг кўпчилиги қонун даражасида эмас, балки Марказий сайлов комиссиясининг низом ва йўриқномалари билан тартибга солинади.

Шулардан келиб чиқиб тайёрланган Сайлов кодекси лойиҳасини яратиш жараёнида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг ушбу соҳадаги амалий тажрибаси пухта ўрганилди. Кодекс лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш мақсадида 2018 йил 19 июлда Олий Мажлис палаталари томонидан Марказий Сайлов комиссияси билан биргаликда Амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) тасдиқланди. Унга мувофиқ, лойиҳа жамоатчилик, экспертлар, илмий доиралар, амалиётчилар, мутахассислар ҳамда халқаро ташкилотлар экспертизасидан ўтказилди. ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси, Венеция комиссияси, МДҲ Ижроия қўмитаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг хулоса ва фикрлари олинди. 2018 йил 16-17 ноябрь кунлари Бухоро шаҳрида ўтказилган халқаро конференцияда олинган таклифлар халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.

Лойиҳа билан мамлакатнинг Сайлов кодексини тасдиқлаш таклиф этилмоқда. Амалдаги 5 та қонунда ифодаланган нормаларни мужассамлаштиришни назарда тутадиган ушбу кодекс лойиҳаси билан бир қатор янги қоидалар ҳам ўрнатилмоқда. 

Жумладан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Экологик ҳаракат вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланмоқда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинмоқда. Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш тартиби қонун билан тартибга солинади. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланади. Сайловларни ўтказиш ёки ташкил этишнинг бошқа масалалари юзасидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби киритилади. Сиёсий партиялар томонидан имзо йиғиш жараёнида сайловчиларнинг бир ёки бир нечта номзодларни ёхуд партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиши мумкинлиги белгиланмоқда. Овоз бериш жараёнида сайловчиларга бир нечта белгилардан бирини қўйиш имкони берилади. Овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ишлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар) аниқ кўрсатилмоқда. 

Шунингдек, Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкаларини тузиш назарда тутилмоқда. Илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низомни бекор қилиб, бу масалани қонун даражасида белгилаш таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланмоқда. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида тугаши белгиланмоқда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 дан 5 кишигача кўпайтириш назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, Сайлов кодексининг қабул қилиниши ҳуқуқни қўллашда бир қатор қулайликлар яратади, сайлов жараёни ва уни ўтказиш тартиб-тамойиллари ва қоидаларини тўла қонунийлик, демократик ва шаффоф ўтказишда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини бажаради.

Мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
скачать dle 12.0
Тeглар:



Тавсия этамиз:
Фикрлар:
Изоҳ қолдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Ўзбекистондаги мобил операторларнинг алоқа сифатини қандай баҳолайсиз?