“Scorpion”: ишончсиз ва сохта эпизодлар, нооригинал ғоя...

“Scorpion”: ишончсиз ва сохта эпизодлар, нооригинал ғоя...
Маданият
22:09, 29 ноябрь 2018
1 715
0
27 ноябрь куни “PROlogue” IV халқаро кинофестивали очилиш маросимида ёш режиссёр Мухлиса Азизованинг ўткир сюжетли экшн ва триллер жанрларида суратга олинган “Скорпион” бадиий фильмининг гала-тақдимоти бўлиб ўтди.

Сўнгги ойларда ҳатто замонавий ўзбек кинофильмларига қизиқишини йўқотганларнинг ҳам кенг муҳокамасига сабаб бўлган, ижтимоий тармоқларда гоҳ-гоҳида биронта хабар учқундек чақнаб, ҳамманинг эътиборини тортган, фильм трейлери чиққанида, айрим маълумотларга кўра, тез фурсатда бир миллион маротабадан ортиқ томоша қилинган “Скорпион”дан биргина мен эмас, балки барча катта натижалар кутгани рост. Буни ҳатто машҳур блогеримизнинг “Тизери шундай зў-ў-ў-ўр бўлса, ана энди фильмнинг ўзини тасаввур этаверинг...” қабилида қисқача тақриз ёзгани ҳам тасдиқлайди. Ва яна очиғини айтиш керак, халқаро фестивалнинг очилиш маросимига қизиқишнинг катта бўлгани ҳам аслида ташриф буюрганларнинг “Скорпион”ни биринчилардан бўлиб кўришга иштиёқи баландлиги туфайли эди...

Хўш, премьерасига қадар ўз атрофида ана шундай улкан шов-шувларни яратган мазкур кинокартина, ҳақиқатан ҳам, ушбу талабларга мосми? Умуман, бу фильм аксарияти ёшлардан иборат бўлган томошабинларга нима бера олади?!

Жамоа ростдан ҳам кучли эдими?

Келинг, аввало, “Скорпион” ҳали тизери ҳам эълон қилинмасдан илгари кўпчиликни нимаси билан ўзига жалб этгани хусусида фикр юритсак. Шахсан ўзим унинг устида хорижлик малакали мутахассислар ишлаётганини эшитиб, фильм ўзбек кинематографиясига қандайдир янгилик олиб киришига ишонгандим. Баннерлари эълон қилингач эса, кинокартина сценарийсини америкалик Боб Андервуд (қарийб 34 йиллик фаолияти мобайнида 9 та сериалнинг сценарийсини ёзган, асосан, воқеалар “яғири чиққунча” кўрсатиладиган услубда ишлашга ихтисослашган оддий мутахассис, бунақа тажрибага эга сценарист ўзимизда ҳам топиларди, аммо “хорижнинг хўрозқанди” деган гаплар бор) ёзганини, оператор сифатида асли хитойлик бўлган, бироқ бугунги кунда Германияда яшаб ижод қиладиган, Канн кинофестивалининг совриндори экани айтиладиган Макс Тцуи иш олиб борганини, қолаверса, кинокартина асосий вазифаси ёшларимизни бирлаштириш, уюштириш ва уларнинг қалбида эзгу мақсадларни, келажакка ишонч туйғусини уйғотиши керак бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг буюртмаси асосида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда (афсуски, қайси киностудия томонидан эканлиги аниқ кўрсатилмаган) тасвирга туширилганини билиб, бу ишончим янада ортди. Ахир актёрлар жамоаси ўзимизнинг тажрибали ва юксак маҳоратли санъаткорларимиз — Карим Мирҳодиев, Юлдуз Ражабова, бугунги кунда, асосан, Россияда фаолият юритаётган Фарҳод Маҳмудов, Раъно Шодиева, Акбар Расулов, Шаҳзода Матчонова, Нозим Тўлахўжаевдан ташқари, туркиялик таниқли актёр Мурат Йилдирим ҳамда россиялик артист Вячеслав Разбегаевдан ташкил топганини, овоз устида ишлаш жараёни “Мосфильм” киноконцерни мутахассислари томонидан амалга оширилганини, ранг-тасвир устида эса “Легенда (“Афсона”) 17”, “Движение вверх” (“Юксакликка интилиб”), “Викинг” сингари кинокартиналарда ишлаган “Color Kitchen” (Россия) компанияси иш олиб борганини ўқиб, киноусталаримиздан нафақат яхши, балки чинакамига зўр фильм кутмаслигим мумкинмиди?! Бироқ...

Бироқ, фильмни томоша қилгач, “Пуфакни қанча катта шиширсанг, шунча тез ёрилади”, деган гап тўғри эканига яна бир карра амин бўлдим.

Ноаниқ сюжет линияси, тўқилган воқеалар...

Менинг ҳафсаламни нима пир қилди? Кинофильм нима экани ва унинг зиммасига қандай вазифалар юкланишини яхши биладиган ҳар қандай мутахассис сифатида, мен ҳам фильмнинг аниқ бир сюжет линиясига эга эмаслигидан, бош қаҳрамон ким эканлиги яққол очиб берилмаганидан, воқеаларнинг ўта суст ва тўқиб чиқарилгани шундоққина кўриниб турганидан, умуман, картинада кечаётган жараённинг реалликдан мутлақо узилиб қолгани ва умумий концепцияда қандайдир сохталикнинг мавжудлиги, худдики, кимгадир кучли, аммо ўхшамаган даражада тақлид қилинганидан ранжидим.

Келинг, фильм сюжетини қисқача баён этиб ўтай.

Асар Россияда тирикчилик қиладиган Жаҳонгир (актёр Акбар Расулов) исмли юртдошимизнинг ўта устомонлик билан дунёдаги энг кучли жиноий ташкилот — “Скорпион”га оғдириб олинишидан бошланади. Унинг тушунарсизлиги шундаки, барда ичиб ўтириб, тўсатдан (фильмда кўп воқеалар негадир ана шундай тўсатдан, ҳеч бир изчилликсиз кечган) бошланган гаровда мерганлик маҳоратини кўрсатади-ю, уни ўзларига оғдириш мақсадида атайин уюштирилган қотилликка қўл уриб, бир зумда жиноий тўданинг аъзосига айланади-қолади. Аммо Жаҳонгирнинг жиноий тўдага келгунигача бўлган воқеалар, уни қаердан топишди, нега айнан у танланди, нега бирданига унга ишониб кетишди, унинг ўтмиши билан, кимлиги, қаердан келиб қолгани, нималар билан машғуллигини кимдир ўргандими ёки йўқ, бу сингари саволлар очиқ қолган.

Кейинги эпизод ўзбек — афғон чегарасида кечади. Капитан Темур Солиев (актёр Фарҳод Маҳмудов) асирларни айирбошлаш учун борганида, унинг ўзини асирга олишади. Оддий, содда афғон жангариларини бир зумда ўлдириб, дарров худди шу машинада ортга қайтган капитанни тасвирлашда ижодкорлар иккита ҳақиқатни унутиб қўйишгани кўзга ташланади. Яъни, минг оддий, минг содда бўлмасин, жангарилар уруш кўрган, қурол ва қон иси нималигини биладиганлар эканини ёддан чиқармаслик керак эди. Иккинчиси шуки, кинематография, умуман, санъатда шундай ақида бор: қаҳрамонингнинг кучли эканини кўрсатиш учун унинг душманини кучсиз қилиб тасвирлама. Кучли қаҳрамон кучли душманнинг устидан зафар қучиши керак. Афсуски, бу эпизодда ана шу қоидага риоя қилинмаган.

Ундан кейинги воқеалар ҳам худди юқоридаги сингари ўта тез темпда кечади. Чегарада қаҳрамонлик кўрсатган капитан Солиев тўғридан-тўғри Президентга бўйинсунадиган генерал Маҳмудов (актёр Карим Мирҳодиев)нинг гуруҳига жалб қилинади. Бу гуруҳ айни пайтда Ўзбекистонга мутлақо дахли бўлмаган, асосий фаолият майдони Европа ва араб мамлакатларидан иборат жиноий тўда — “Скорпион” билан қаттиқ қизиқиб қолган. Жиноий тўданинг икки етакчиси — Питер МакКалистер (актёр Вячеслав Разбегаев) ва Кэтрин Траммел (актриса Юлдуз Ражабова) ҳақида ҳамма ахборот бор. Учинчи шахснинг ким эканлиги ҳам қисман аниқ: уни “Жонни” деб аташади, аммо у ҳақда бошқа ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу маълумотлар билан танишган Темур бирданига юз ифодаси ўзгариб, хаёлида нимадир режа тузади. Унинг режаси “Скорпион” билан боғлиқ ҳар қандай маълумотни ўғрилаб, Марокашга (нега айнан у ерга экани ноаниқлигича қолган) йўл олишдан иборат экани эса фильм мобайнида ойдинлашади.

Темурнинг йўқолганини, яна денг, қаттиқ қўриқланадиган бинодан барча зарур ахборотни ўмариб кетганини билгач, махсус хизмат дарҳол оёққа туради. Дарров уни қидиришади, уйига бориб, тинтув ўтказилади. Тинтув чоғида Темур ва “Жонни” — Жаҳонгирнинг ака-ука эканини исботлайдиган фотосуратни топишади...

Қизиқ, наҳотки бугун оддий ташкилотга ишга киришинг учун ҳам ота-онанг, яқинларингдан ташқари, ҳатто қайнона-қайнотанг ҳақидаги барча маълумот жиддий ўрганиладиган бир замонда шахсан Президентга бўйинсунадиган махсус хизматга ишга олинаётган ходимнинг укаси ҳақида ҳеч ким қизиқиб кўрмаган бўлса?! Бу саволга яқинроқ бошқа саволга фильмнинг матбуот анжуманида режиссёр Мухлиса Азизованинг жавоб беришича, кинокартинадаги воқеалар 2021 йилда кечишини (балки бепарволик қилгандирман, аммо фильмда буни эслатадиган биронта ҳам титрга кўзим тушмаган эди) ҳисобга олсак, демак, бугунги реалликка мос келмайдиган ҳар қандай эпизод ёки сюжет чизиғидаги ноаниқликни “фантастика” билан бемалол боғлайверишимиз мумкин... Жумладан, капитан Солиевнинг Ўзбекистон чегарасидан осонгина Қозоғистонга ўтиб, Чимкент орқали Марокашга учиб борганини ҳам, у ерда осонгина қамалиб, осонгина қамоқдан чиққанини ҳам, араб шайхлари қаерда тўпланади, нима масала кўрилади, Марокаш махсус хизматлари ҳали ҳеч нарса билмай туриб, ўша ерга укасини излаб боришини ҳам ва қўлга олиниб, махсус хизматимиз талаби билан Ўзбекистонга экстрация қилинишини ҳам.. Хуллас, ҳаммаси тўқима, ҳаммаси сохта...

Психолог-таҳлилчи, чўлдаги ҳамшира қиз, ногиронлик аравачасидаги ота... Мақсад нима эди?!

Асарда қаҳрамонига ҳеч қандай “юк” ташланмаган, борлиги ҳам бирон нимани ҳал қилмайдиган, йўқлиги ҳам тўқима воқеликни (менинг назаримда, албатта) ўзгартирмаслиги аниқ бўлган учта қаҳрамон бор. Булар махсус хизмат гуруҳида психолог-таҳлилчи (актриса Раъно Шодиева) бўлиб ишлайдиган, томошабинни асосий “тақлид”дан (бу мавзуга ҳали қайтамиз) чалғитиш учун Шерлок Холмснинг соқол олиш ва хонанинг деразаси қайси томонда экани ҳақидаги машҳур иборасини тўтиқушдек такрорлайдиган қаҳрамон, чўлнинг ўртасида бир тунни капитан Солиев билан бирга ўтказган (ғарбона ошиқ-маъшуқликсиз, албатта) ҳамшира аёл (актриса Шаҳзода Матчонова) ва ака-ука Солиевларнинг отаси, бир пайтлар балки яхши одам бўлган, аммо айни дамда ногиронлик аравачасига “михланиб” қолган кекса бир чол (актёр Нозим Тўлахўжаев). Тўғри, режиссёрнинг матбуот анжуманида айтишича, мазкур персонажлар асосий қаҳрамонларнинг характерини очиб беришга хизмат қилган. Масалан, (воқеаларнинг ноаниқ изчиллигига қарамасдан — таъкид бизники) Жаҳонгирнинг ҳали тирик эканига отаси ишонади, уни ҳар куни тушида кўради, унинг қайтиб келишини кутади. Бу эса уни Ватан кутаётганини англатади. Психолог-аналитик хоним образи Темур Солиевга ишонадиган ва унга ёрдам қўлини чўзишга тайёр турган бир персонажнинг кераклиги учунгина картинага мажбурлаб тиқилгандек... Худди шу каби, отишма чоғида тўсатдан Темурга ҳамроҳ бўлиб қоладиган ва яна рус тилини мукаммал биладиган ҳамшира қиз ҳам гарчи воқеалар ривожида биронта аҳамиятга эга бўлмаса-да, фильмни шунчаки “бойитиб” туриш учун сценарийга киритилгандек... Йўқ, аслида ҳамма гап бошқа ёқда. Булар, юқорида айтганимдек, тақлид маҳсуллари, айримлари эса ана шу тақлид яққол билиниб қолмаслиги учун малакасизларча ўйлаб топилган “қаҳрамонлар”дир. Нафақат улар, балки Мурат Йилдирим яратган араб қабилаларидан бирининг бошлиғи образи ҳам, дунё жиноятчилик оламини бошқариши айтилган “Скорпион” тўдаси ҳам, ҳамма-ҳаммаси бошқа бир фильмни ёдга солади, холос...

“Спектр”дан таралган нур “Скорпион”ни ҳам ёритаётгандек...

Бу фильм хусусида ортиқча гапга ўрин ҳам йўқ, аслида. Афсонавий қаҳрамон, Британия разведкасининг жосуси Жеймс Бонд ҳақида олинган фильмларнинг йигирма тўртинчиси бўлмиш “Спектр” кинокартинаси 2015 йил 26 октябрда илк маротаба оммага тақдим қилинган, жаҳон кинотеатрларида эса ўша йилнинг 6 ноябридан эътиборан намойиш этила бошланган. “Спектр” — худди “Скорпион” сингари — дунёни жиноий мақсадларда бошқариш учун тузилган кучли ташкилот. Унинг сафидан жаҳондаги барча йирик жиноий тўдалар бошлиқлари ўрин олган. Ташкилот раҳбари нияти дунёдаги барча кучли махсус хизматни ўзида жамлаган, янги тузилган “Тўққиз кўз” лойиҳаси ёрдамида жаҳонни бошқаришдан иборат бўлган Эрнст Ставро Блофельд исмли шахсдир. Аммо унинг яна бир ҳаёти борки, бу Жеймс Бонд билан боғлиқ. 
“Спектр”да маълум бўлишича, Жеймсни болалигида Ханнес Оберхаузер исмли бой одам асраб олади. Унинг Франц исмли ўз фарзанди ҳам бўлиб, у Жеймсдан бир неча ёш катта эди. Ханнес Жейсмни худди ўз боласидек кўради, ардоқлайди, шу даражада меҳр берадики, бундан унинг ўғли — Франц қаттиқ оғринади. Отасининг бегона болага бу қадар меҳрибонлиги уни қаттиқ ғазаблантиради. Аммо бу воқеалар узоқ давом этмайди. Ханнес ва Франц чанғи учиш учун тоққа чиққанида, уларни қор уюми босиб қолади. Ханнеснинг жасади топилади, аммо Франц чуқур қор уюми остида қолиб кетган деб тахмин қилинади ҳамда унинг ҳам вафот этгани эълон қилинади.

“Спектр”нинг Мехикода Жеймс ўлдирган Марко Скиарра ўрнига Жанубий Америка жиноий тўдаларини бошқариш учун янги раҳбар тайинлашга бағишлаб Рим шаҳрида ўтказилган мажлисига яширинча кириб олган (бунда унга Скиарранинг бандига саккизоёқ тасвири туширилган узуги ёрдам беради) жосус йиғилишда ҳамма қўрқиб турган, бутун дунё жиноятчиларини аллақачон ўзига бўйинсундириб, жиноят оламининг ягона қиролига айланган Эрнст Ставро Блофельд тимсолида тутинган акаси Франц Оберхаузерни танийди. Воқеалар ривожида шу нарса ойдинлашадики, Франц отасининг мутлақо бегона болага бағишлаётган вақти, бераётган меҳри, ҳамиша уни Францга ибрат қилиб кўрсатишидан бир умр нафратланиб келган ва шунинг учун ўз отасини ўзи ўлдирган экан. У Жеймсни ҳам ўлдирмоқчи бўлади, бироқ афсонавий жосус нафақат ўлимдан қутулиб қолади, балки “Спектр”нинг бутун найрангини фош этиб, тутинган акасини қўлга олишга эришади.

“Скорпион”да гарчи сюжет шу йўналишда кечмаса-да, ғоянинг ўхшашлиги кишини таажжублантиради. Ахир Мухлиса Азизованинг фильмида ҳам бир оила фарзандларининг икки хил тақдири ҳикоя қилинади-да. “Скорпион”да ҳам Жаҳонгир онасини ўгай фарзандига кўпроқ меҳр кўрсатишда айблайди ҳамда унинг ўлимига сабабчи бўлиб қолади. Онаси вафотидан кейин эса Россияга қочиб, неча йил дом-дараксиз кетади. Уни бедарак йўқолганлар сифатида рўйхатга тиркашади. Ва кутилмаганда, Жаҳонгир “Жонни” сифатида “Скорпион” сафида пайдо бўлади ҳамда Темур гарчи жазоланиши ва ҳатто, қамалишини билса ҳам, укасини юртга қайтариб келиш учун Марокашга йўл олади.

“Скорпион”даги психолог-таҳлилчи ҳамда “Спектр”даги Ив Манипенни, махсус хизмат ходими Расулов ва MI6 ходими Q бир-бирини айнан такрорлайдики, буни иккала фильмни кўрган ҳар қандай томошабин осонгина англайди. Биргина фарқи шундаки, бизнинг қаҳрамонларимизга ташланган “юк” худди Сэм Мендес фильмида бўлгани каби залворли, ишончли эмас. Боғланишлар йўқ, мантиқ оқсаган ва томошабинда турли саволларни юзага келтирадиган жойлари ниҳоятда кўп. Шу каби ҳамда бошқа саволларни журналист Эльдар Асанов “Scorpion”: яхши суратга олинган ёмон фильм” сарлавҳали мақоласида келтириб бўлди ва ўйлайманки, бу саволларга яна алоҳида тўхталишга асло ҳожат йўқ.

Жавоби нотайин бўлган бошқа саволлар

Фильм ижодкорлари билан ўтказилган матбуот анжуманида ўзимни қизиқтирган бешта савол билан мурожаат қилдим. Аммо афсуски, биронтасига тўлиқ жавоб ололганим йўқ.

Масалан, менда ойлар давомида мегалойиҳа сифатида таништирилган “Скорпион”нинг бюджети қанча эканлигини билиш истаги туғилганди. Бироқ бу саволимга кинокартина продюсери келгусида “Скорпион” қанча даромад келтирганини айтишга ваъда бериш билан чекланди, холос.

Иккинчи саволим “Бугун жаҳонда мамлакатимиз имиджини яхшилаш ҳаракати кетаётган бир пайтда эртага бу фильм халқаро саҳналарга чиқса, биз ҳақимизда қандай хулосаларга сабаб бўлиши мумкин?!” деган мазмунда эди. Афсуски, бунга “Ватанни севиш, юртимиз байроғини кўп кўрсатганимиз” сингари олди-қочди жавобдан бошқасини ололмадим.

“Фильмни махсус хизматлар кўриб берганми?!” қабилидаги учинчи саволимга ҳам матбуот анжуманида “кўрсатилган, маслаҳатлашилган” каби “навбатчи” жавоблар берилди. Фильм режиссёри кинокартинада махсус хизматларимизнинг кучини кўрсатишга эътибор қаратилганини билдириб, “Скорпион” гуруҳи бутун дунёда эркин юргани, аммо уни айнан Ўзбекистонда бартараф этишгани бунинг тасдиғи бўла олишини баён этди. Лекин матбуот анжуманидан кейин фильм продюсери билан суҳбатлашганимда, у эркин бўлмаган ҳар қандай фильм кассабоп бўлмаслиги ҳамда томошабинни ўзига тортиб ололмаслигини айтиб, бунга мисол сифатида “Барон” фильмини келтирди. “Мана бу сўзни қўшасан ёки мана бу эпизодни олиб ташлайсан”, дейилдими, тамом, кинокартина ҳам, ижод ҳам “ўлади”, деди у аниқ қилиб.

Бироқ бу саволни бежиз бермаган эдим. Сабаби шундаки, кинокартинада қайсидир қаҳрамонни бўрттириб кўрсатиш учун махсус хизматларнинг ноқобиллигини яққол намойиш қиладиган бир нечта эпизод мавжудки, бу ҳар қандай томошабинни ҳайратлантирмаслиги мумкин эмас. Масалан, Темур Солиевнинг бемалол Марокашга бориб-келиши, Раъно Шодиева яратган образнинг жиноятчига ёрдам кўрсатиши, капитан ва психолог ўртасидаги на боши, на охири бор муносабат туфайли майорнинг Солиевга нисбатан душманона кайфияти... Ҳаммасидан ўтиб тушгани, “Скорпион” ҳақида барча маълумотга эга бўлган генерал Маҳмудов гуруҳи уларнинг Ўзбекистон чегарасидан ўтиб, пойтахтимиздаги қайсидир меҳмонхонага жойлашганини билмай қолади. Қизиқ, наҳотки исм-шарифини алиштирган, қиёфасини ўзгартирган ҳар қандай жиноятчи сарҳадларимизни осонгина кесиб ўтади-ю, бизнинг махсус хизматларимиз улардан бехабар аэропортда мудраб ўтиради?!. Жиноятчилар Қирғизистон чегараларида юришади-ю, уларни Тошкентдаги бошқа бир меҳмонхонада, катта анжуманда “кутишади”. Энг ғалатиси, “скорпион”чилар Қирғизистон орқали Навоийдаги чўлга боришармиш-у, йўлда ҳеч ким уларни тўхтатмас эмиш. Бу билан нима дейилмоқчи ўзи?! Воқеалар 2021 йилда кечган тақдирда ҳам бу даражада соддалик, бу даражада анқовликка йўл қўйилишига ақл бовар қиладими?!

Фильмнинг мафкуравий аҳамиятига доир саволимга ҳам умумий жавоблар орасида аниқ жавоб қайтарилмади. Лекин продюсер билан суҳбатимизда у “Бугун кино — мафкура қуроли эмас. Дунё миқёсида олганда ҳам, кино кўнгилочар ашёга айланган. Фильмни яратарканмиз, одамлар қандайдир мафкурадан баҳра топиш илинжида эмас, дам олиш, чарчоқларини унутиш учун фильм томоша қилишини ҳисобга олдик”, деган жавобни айтди. Қизиқ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг пулига-я?! Мафкура эмас, лоақал миллий менталитетимиз, оила, тарбия деган ибораларга мос келадими бу тақлид маҳсули?! Ёки хориждан уёқ-буёғини текислаб, қаеридир мослаштирилиб, қаеридир худди шундоқ тарзда кўчирилган ҳар қандай фильм не-не умидларда тузилган Ёшлар иттифоқининг пулига “мегалойиҳа” сифатида олиниб кетаверадими?!

Охирги саволим “Скорпион”нинг “Спектр”га ўхшаши ҳақида эди. Бунга фильм продюсери ҳам, картина режиссёри ҳам мутойиба билан жавоб беришга ҳаракат қилишди. Жумладан, Мухлиса Азизова Жеймс Бонднинг афсона эканини, Темур Солиевнинг эса миллат қаҳрамони эканини таъкидлади. Қизиқ, наҳотки фильмда “реал воқеаларга асосланади” деган титр ҳам бор эди-ю, мен бепарволик қилиб буни ҳам ўтказиб юборганман...

Балки адашгандирман... балки “Скорпион” ва “Спектр”ни боғлаб турадиган биронта ҳам сюжет линияси, бир-бирига ўхшаш биронта ҳам воқеа йўқдир... “Скорпион”нинг оригинал эканига ҳам ишонаман. Бироқ эртага бу фильм жаҳон киносаҳнасига чиқса, хорижлик киношунослар унинг омадсизларча қилинган тақлид эмаслигига ишонишармикин?

Билмадим... Буни энди вақт кўрсатади.
Ҳасан ТОШХЎЖАЕВ,
санъатшунос.
Муаллиф талқини таҳририят нуқтаи назарини англатмайди.
скачать dle 12.0
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?Илтимос
матнни белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг
Комментарии (0)
Биз
[rating-type-4]
[/rating-type-4]
Топ мақолалар
Ота фарзандлари таъминоти таъминлашдан бўйин товлаганлиги сабабли қамалди Ота фарзандлари таъминоти таъминлашдан бўйин товлаганлиги сабабли қамалди
1 нафар фарзанди моддий таъминоти учун ¼ қисм миқдорда алимент ундириш хақидаги ижро ижро хужжати бўлим иш юритувида...
27.03.24
35
0
МИБ банк фойдасига кредит қарзини ундирди МИБ банк фойдасига кредит қарзини ундирди
Олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида ушбу қарздорлик тўлиқ ундирилиб ижро ужжати амалда тамомланди....
27.03.24
35
0
18+ Цена jizzaxcity.uz Яндекс.Метрика