Сайт тест режимида ишламоқда.
Жиззах C
Сўнгги янгиликлар
» » Ўзбекистон экологик партиясини тузиш бўйича ташкилий қўмита шакллантирилди

Ўзбекистон экологик партиясини тузиш бўйича ташкилий қўмита шакллантирилди

21:31, 14.11.18
775
Сиёсат

 Тошкент шаҳридаги Халқаро савдо марказида экологик сиёсий партия тузиш бўйича ташаббускорлар мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар тарқатди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Борий Алихонов ва бошқалар бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалалари кечиктириб бўлмас, долзарб вазифалардан бири эканини таъкидлади.

Атроф-муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизининг қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурсларининг таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби бир қатор глобал ва минтақавий экологик муаммолар пайдо бўлишига олиб келгани қайд этилди.

Йиғилганлар экологик сиёсий партиянинг таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, унинг аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съездини чақириш вазифаларини амалга оширувчи ташкилий қўмитани тузиш, шунингдек, ташкилий қўмитанинг таркиби, раҳбари, жойлашган манзили ва таъсис съездини чақириш муддати масалаларини муҳокама қилди.

Мамлакатда экологик муаммоларни ҳал этиш ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф қилиш борасида муайян тажриба тўпланган. Бироқ соҳадаги вазифаларнинг кўлами мамлакат миқёсида ва алоҳида минтақаларда экологик ҳолатни соғломлаштириш муаммоларини яхлит ҳолда ҳал этишда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб этмоқда.

Ушбу вазифаларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида жамоат ташкилотларининг ташаббуси асосида Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташкил этилган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 15 депутатлик ўрнига квота ажратилиши эса атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишларида жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш имконини берди.

Мамлакатда давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги навбатдаги қадам сифатида Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятида тўпланган тажрибалар асосида янги сиёсий партияни ташкил этиш зарурати вужудга келди. Албатта, экологик сиёсий партиянинг асосий эътибори атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳар бир фуқаронинг умумий иши бўлишига қаратилади.

Муҳокамалардан сўнг йиғилиш иштирокчилари бугунги ва келажак авлодларнинг мусаффо табиатда яшашини таъминлаш, барқарор ривожланиш мақсадларида иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва фуқаролар саломатлигини сақлашга йўналтирилган тизимли ўзгаришлар жараёнида жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга даъват қиладиган сиёсий куч — экологик сиёсий партия тузиш таклифини маъқуллади.

Атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга хайрихоҳ бўлган кенг жамоатчилик вакилларидан ташкил топган экологик сиёсий партия тузиш бўйича Ташкилий қўмита шакллантирилди. Ташкилий қўмитага партияни ташкил этиш «Йўл харитаси"ни, таъсис ҳужжатларини тайёрлаш ва бошқа ташкилий-ҳуқуқий жараёнларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.

Муҳокама, таклиф ва мулоҳазалардан сўнг йиғилиш иштирокчилари партияни Ўзбекистон экологик партияси, деб номлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

скачать dle 12.0
Тeглар:



Тавсия этамиз:
Фикрлар:
Изоҳ қолдириш
Ўзбекистондаги мобил операторларнинг алоқа сифатини қандай баҳолайсиз?